Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Ерлан Турғумбаев 2022 йил январида содир бўлган оммавий тартибсизликлар иши бўйича беш йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Остона жиноят ишлари бўйича туманлараро суди матбуот хизматига таяниб, Vlast.kz нашри хабар берди.
«Суд ҳукми билан Т. Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисмида (Оҳир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш – таҳр.изоҳи) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. T.га коррупция жинояти белгиларисиз айблов қўйилганлиги сабабли, Жиноят кодексининг 63-моддасига биноан тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади қарорда.
Суд маҳкумнинг айбига иқрорлиги, чин дилдан пушаймонлиги ва биринчи марта жиноят содир этганини инобатга олган. Жиноят кодексининг 49-моддаси 2-қисмига мувофиқ, Турғумбаевни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум этиш тўғрисида Президентга таклиф киритилади.
Ерлан Турғумбаев 2019 йил февралидан Ички ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган ва 2022 йилдаги тартибсизликлардан сўнг лавозимидан озод этилган эди. Шундан сўнг у яна олти ой президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Собиқ вазирга нисбатан иш қўзғатилгани март ойи охирида маълум бўлган, бир ой ўтиб эса у ҳибсга олинган. ORDA.kz манбасига кўра, Турғумбаев «Қонли январь» воқеалари бўйича терговнинг «иккинчи тўлқини»га дучор бўлган.
Таъкидлаш жоиз, «Январь иши» бўйича айбланувчилардан бири, Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-департаменти собиқ бошлиғи Руслан Искаков аввалроқ айнан Турғумбаев Олмаотага ҳужум уюштирган 20 мингга яқин жангари ҳақида президентга нотўғри маълумот берганини айтган эди.
Норозилик авжига чиққан пайтда президент Қосим-Жомарт Тўқаев дастлаб халққа қилган мурожаатида, сўнгра Twitterда 20 минг террорчи Олмаотага ҳужум қилгани ва уларни йўқ қилиш зарурлигини эълон қилганди. Кейинчалик бу твит ижтимоий тармоқдан йўқолиб қолди. Тартибсизликлардан деярли олти ой ўтиб, Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум чоғида президентдан шаҳардаги ҳужумчиларнинг ҳақиқий сони ҳақида сўралган. У 20 минг рақами ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ раҳбарияти томонидан берилганини, гап бутун мамлакат ҳақида кетаётганини айтган.