Назарбоевнинг собиқ қудаси нефть компаниясини давлатга ўтказди

Қайрат Боранбаев. fckairat.com сайти фотосурати

Қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Боранбаевга тегишли Phystech II нефть компанияси тўлиқ давлат балансига ўтди. 1 август куни Қозоғистон фонд биржаси (KASE) сайтида эълон қилинган акциядорлар реестридан кўчирма шундан далолат беради.

Унга кўра, «Phystech II» АЖнинг ягона акциядори Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат мулки ва хусусийлаштириш қўмитаси ҳисобланади.

Phystech II 2015 йил июнь ойида ташкил этилган. У Манғистау вилоятидаги нефть ва газ зоналарида углеводородларни қидириш, қазиб олиш ва сотиш билан шуғулланади, жумладан, давлат ихтиёрига ўтказилган Қаражанбас Шимолий нефть конини ўзлаштирмоқда. Аввалроқ компания 35,5 миллиард тенгега (74,9 миллион доллар) баҳолангани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой ва нуфузли 50 нафар бизнесменлари қаторидан жой олган. Унинг қизи 2020 йил август ойида вафот этган собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Айсултонга турмушга чиққанди.

2022 йил 17 мартида, январдаги тартибсизликлардан кўп ўтмай, Боранбаев ҳибсга олинганди. У квазидавлат секторида, жумладан газ билан боғлиқ операцияларда ўғирлик содир этганликда айбланган. Орадан бир йил ўтиб тадбиркор саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейинчалик газ нархи кўрсатилган ҳужжатнинг асл нусхаси йўқлиги сабабли ҳукм бекор қилинган.

2023 йил августида Боранбаев айбини тан олади ва тергов билан келишувга эришади, шундан сўнг у олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Октябрь ойида Оқмола вилояти Зерендинский туман суди олигарх жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаганлиги, етказилган зарарни қоплагани ва қилмишидан пушаймон бўлгани сабабли унинг ҳақиқий жазосини озодликни чеклаш билан алмаштиради.

Суд жараёнида тадбиркор ихтиёрий равишда 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ маблағни давлатга қайтарган. Боранбаев компанияси Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига яна 66 миллион доллар ўтказган. Ниҳоят, тадбиркор маблағларни ўғирлаш бўйича тергов доирасида 14,5 миллиард тенге (30,3 миллион доллар)ни қайтариб берган. Худди шу иш бўйича суд ҳукми билан ундан Олмаотадаги ер участкаси ва 2 миллиард тенгедан (4 миллион доллар) ортиқ банк ҳисоб рақамлари мусодара қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ