Air Samarkand авиакомпанияси Жиддага илк парвозини амалга оширди

Air Samarkand авиакомпанияси фотосурати

30 июль куни Air Samarkand авиакомпанияси A321neo йўловчи самолётида Самарқанддан Жиддага илк парвозини амалга оширди.

Самолёт Самарқанддан соат 0:05 да ҳавога кўтарилиб, маҳаллий вақт билан 03:10 да 188 нафар зиёратчини Жидда шаҳрига етказиб келди. Йўловчилар аэропортдаги рўйхатдан ўтиш жараёни, авиакомпания хизмати ва умуман парвоз ҳақида ижобий фикр билдирдилар, борт кузатувчиларнинг ғамхўрлиги, Air Samarkand авиакомпанияси рейсларида тақдим этилаётган ҳалол таомларни олқишладилар.

Самолёт етиб келганидан икки соат ўтиб Самарқандга қайтиш рейсини амалга оширди. Шу куннинг ўзида яна бир рейс — Самарқанддан 15:00да жўнаб кетиш, Жиддага маҳаллий вақт билан соат 18:20да етиб келиш режалаштирилган. Бундан буён авиакомпания ҳар сешанба куни иккита рейсни амалга оширади.

«Air Samarkand авиакомпаниясининг Қирол Абдулазиз халқаро аэропортига илк парвозлари Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳаво алоқаларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам рамзидир. Янги йўналишнинг очилиши Ўзбекистон мусулмонлари учун муҳим воқеа бўлиб, ислом оламидаги энг муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун қулай йўл яратади», — дейилади авиакомпания хабарида.

«Марказий Осиёда муҳим мавқега эга Ўзбекистон Саудия Арабистони учун етарлича қамраб олинмаган бозор ҳисобланади. Биз Air Samarkand авиакомпаниясининг Жиддага парвозларини қутлаймиз ва Саудия Арабистонининг кўз тегмаган мўъжизаларини ўзбекистонлик сайёҳлар билан баҳам кўришни интиқлик билан кутамиз», — деди Саудия туризм бошқармасининг Европа ва Америка бўйича президенти Ҳазим Алҳазми.

Air Samarkand авиакомпанияси EasyBooking агентлиги билан ҳамкорликда нафақат Жиддага, балки Мадинага ҳам рейсларни режалаштирган – улар 2024 йил август ойида Самарқанддан Airbus A330 самолётида амалга оширилади. Бундан ташқари, авиакомпания Airbus A321neo ва A330-300 самолётлари ёрдамида Истанбул, Шарм аш-Шайх ва Нячангга тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ