Дунёнинг энг кучли теннисчиларидан бири бўлган қозоғистонлик спортчи Олимпиадада иштирок эта олмайди

Елена Рибакина. sputnik.kz сайти фотосурати

Дунёнинг тўртинчи ракеткаси, қозоғистонлик теннисчи Елена Рибакина Олимпиада ўйинларида иштирок этмайди. У халқаро анжуманда якка ва Александр Бублик билан аралаш жуфтлик баҳсларида иштирок этиши керак эди. Бу ҳақда Қозоғистон теннис федерацияси ўзининг расмий сайтида маълум қилди.

Федерация матбуот хизмати Еленанинг Олимпиадада иштирок этишдан бош тортишига унга қўйилган ўткир бронхит ташхиси сабаб бўлганини маълум қилади.

«Шифокорлар унга нафақат кортга чиқишни, балки мусобақаларда қатнашишни ҳам қатъиян ман қилишди. Рибакина Олимпиадада юқори даражадаги ўйин намойиш этишга умид қилиб, ўйинларга фаол тайёргарлик кўрганди, бироқ касаллик туфайли бу амалга ошмайди. Қозоғистон теннис федерацияси чин дилдан Еленанинг тезроқ соғайиб кетишини ва кортга муваффақиятли қайтишини тилайди. Биз унинг кучига ишонамиз ва унинг машғулотлар ва мусобақаларга қайтишини интиқлик билан кутиб қоламиз», — дейилади федерация матбуот хизмати хабарида.

Рибакинанинг ўзи ҳам жамоатчиликка мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, унинг вужуди ҳали касалликдан тузалмаган.

«Умидингизни оқлай олмаганимдан ва Париждаги Олимпиадада терма жамоамиз учун кураша олмаслигимдан жуда афсусдаман. Токиода медалга жуда яқин қолгандим ва Қозоғистонга олтин медалини ютиш учун Париж ўйинларига пухта тайёргарлик кўргандим. Афсуски, касаллик бу режаларимни амалга оширишга имкон бермади», — дея афсусланади спортчи.

Якка баҳсларда Рибакина ўрнига Дарьа Сэвилл (77-ўрин) қатнашади. Аралаш жуфтликда унинг ўрнини ким эгаллашига ҳозирча ойдинлик киритилмаган.

Елена Рибакина Россия терма жамоаси таркибида 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жамоавий чемпионатда Европа чемпиони бўлган, яккалик баҳсларида битта WТА турнири ғолиби. 2018 йилнинг июнь ойида спортчи Қозоғистон терма жамоасида ўйнашга қарор қилади. 2021 йили у Франция Очиқ чемпионатининг чорак финалига чиққан. У 2022 йили Уимблдонда ғалаба қозонган. 2023 йили у дунёнинг кучли теннисчилари учлигига киришга муваффақ бўлган Қозоғистоннинг биринчи вакили бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ