Ўзбекистон парламентига сайловлар 27 октябрь куни бўлиб ўтади

shirinuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловни 27 октабрга белгилади. Бу ҳақда 26 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради МСК матбуот хизмати.

Комиссия Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилишини эслатиб ўтди.

Сайловолди ташвиқоти 26 июль куни бошланди. Сайловлар Ўзбекистон учун янги қоидалар асосида ўтказилади.

Шу пайтгача республикада мажоритар сайлов тизими қўлланилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди. Бундан ташқари, барча номзодлар мамлакатда фаолият юритаётган партиялар вакили бўлиши керак эди.

2023 йил декабрь ойида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев аралаш сайлов тизимига – мажоритар-пропорционал тизимга ўтиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Эндиликда парламент Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизимда (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари эса пропорционал тизимда (номзодлар рўйхати учун овоз бериш) сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида ягона сайлов округи бўйича сайланади.

Шу билан бирга, бир мандатли сайлов округлари бўйича ҳам, партия рўйхати бўйича ҳам сиёсий партиядан депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини аёллар ташкил этиши шарт.

Пропорционал тизим бўйича сайланадиган Қонунчилик палатаси депутатларининг мандатлари 7 ва ундан ортиқ фоиз овоз олган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади. Агар бундай натижани фақат битта партия қўлга киритса, энг кўп овоз олган иккинчи партиядан номзодлар депутат бўлишлари мумкин бўлади.

ℹ️ Ўзбекистонда аввалги парламент сайловлари икки турда – 2019 йил декабрь охири ва 2020 йил январь ойи бошида бўлиб ўтган эди. Натижаларга кўра, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) энг кўп ўринни (150 тадан 53 таси), қолганларини «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Экологик партияси бўлишган. Бироқ, бу партияларнинг барчаси бир-биридан жуда кам фарқ қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ