Олмаота вилоятида туғилган 50 ёшли фуқаро хориждаги қуролли можароларда иштирок этганликда айбланди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри. Ўтган йил февраль ойида эркак «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) билан шартнома имзолаган ва Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.
Суд ҳукмига кўра, 2023 йил февраль ойида жаркентлик фуқаро «оилавий ва маиший муаммолар туфайли» Россия ва Украина ўртасидаги можарода иштирок этишга қарор қилган. У Краснодарга бориб, у ерда военкоматга учраган, аммо дам олиш куни бўлгани учун уни қабул қилишмаган. Кейин у «Вагнер» ХҲК полигони жойлашган Молькино қишлоғига борган. У ерда Қозоғистон фуқароси тиббий кўрикдан, полиграфия текшируви, ички хавфсизлик бўлимида суҳбатдан ўтган, шундан сўнг ўша куниёқ у билан бир йиллик шартнома имзоланган.
Ишғол отряди аъзоси сифатида эркак Бахмутга (Артемовск) юборилган, у ерда яраланган ва Луганск яқинидаги ХҲК штаб-квартирасига ўтказилган.
2023 йил 24 июнь куни «Вагнер» исён кўтарганида, Қозоғистон фуқароси истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берган, бироқ ишдан бўшатишмаган ва унга икки ойлик таътил берилган. 16 июль куни эркак Олмаотага учиб келган, бу ерда у МХҚ ходимлари томонидан ушланган. 25 июль куни ҳибсга олинган.
Судда Қозоғистон фуқароси хорижий давлат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганини инкор этмаган. Унинг айби иш бўйича тўпланган далиллар билан тасдиқланган. Хусусан, Қозоғистонга қайтгач, эркак ёнида «Вагнер» ХҲК жангчиси экани тўғрисида гувоҳнома, шунингдек, ушбу ташкилотнинг кўкрак нишони, медаллари ва ордени бўлган.
Суд айбланувчининг чин дилдан пушаймон бўлгани ва айбига иқрорлигини енгиллаштирувчи ҳолат деб қабул қилган ва қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддалардан фойдаланган ҳолда жиноят содир этганлигини оғирлаштирувчи ҳолат дея тан олган.
Суд шуни инобатга олиб, ушбу шахсга нисбатан ўртача даражадаги жазони ўташ тартибида 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Нашрнинг қайд этишича, ҳукм шу йилнинг февраль ойида эълон қилинган, бироқ бу ҳақда аввалроқ расман хабар қилинмаган.
Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларини бошқа мамлакатлардаги можароларда иштирок этмаслик борасида бир неча бор огоҳлантириб, ёлланма жинояти учун 20 йилгача қамоқ жазоси борлигини эслатади. 2023 йили республика Миллий хавфсизлик қўмитаси фуқароларнинг Украина ҳудудидаги жангларда иштирок этиши билан боғлиқ ўнта жиноий иш бўйича тергов олиб борилаётганини хабар қилганди. Шу билан бирга, қўмита гумонланувчилар ким тарафда жанг қилганига аниқлик киритмаган.
Ўтган йил кузида Қарағанданинг Қозибекбий туман суди Топар қишлоғида яшовчи фуқарони «Вагнер» ХҲК таркибида Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун олти йилу саккиз ойга озодликдан маҳрум қилганди.