Бу йилги баҳорда мамлакатда юз берган сув тошқинидан жабр кўрган қозоғистонлик тадбиркорларнинг фақат учдан бир қисми товон пули олган. Бу ҳақда ҳукуматда бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев маълум қилди, дея хабар беради Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Гарчи, ҳукумат захирасидан ҳудудларга зарур маблағлар ажратилган бўлса-да, деди мулозим. Ишбилармонлардан жами 3,4 миллиард тенге (7 миллион доллардан ортиқ) қийматидаги 291 та ариза келиб тушган. Тўловлар кечиктирилгани боис Бош вазир ўринбосари бу масалани тезроқ ҳал этиш ва тартибни соддалаштириш бўйича топшириқ берган.
«Бундай бюрократия аҳолининг норозилигини келтириб чиқармоқда. Мен нима учун бундай ишлар содир бўлаётганини суриштираман. Биз сув тошқинлари ҳақида эмас, сув тошқинлари мисолида унга қарши туриш тизимининг тайёрлиги ҳақида гапиряпмиз. Фавқулодда вазиятларга тезкорлик билан муносабатда бўлишимиз ва жабрланган фуқаролар ва КЎБ (кичик ва ўрта бизнес – таҳр.изоҳи) га тезкорлик билан зарур ёрдам кўрсатишимиз керак. Ишчи гуруҳ тузинг ва барча тартибларни соддалаштиринг», — деди Бозумбаев.
Шунингдек, у Молия вазирлигига ҳар бир ҳудудда фақат фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган, қолган тақдирда эса кейинги йилга «ўтказиладиган» резерв ташкил этиш таклифларини киритиш бўйича топшириқ берди.
Ўтган баҳорда Қозоғистоннинг бир қанча вилоятлари сув тошқини туфайли сув остида қолганди. Ўн минглаб фуқаролар эвакуация қилинганди. Вайрон бўлган хўжаликларни тиклаш ишлари ҳамон давом этмоқда. Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маҳаллий амалдорларга сув тошқинлари тугаганидан кейин уйлар қуриш, товон пули тўлаш ва вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун бор-йўғи беш ойгина вақтлари борлиги ҳақида огоҳлантирганди. «Аммо биргаликда бу ишларни амалга оширишга аминман», — деб ишонтирганди у.