«Қиш бўлмайди» меми муаллифининг ўлими бўйича иш судга топширилди, айбланувчилардан бири вафот этган

Арстан Абдилдаев. today.kg сайти фотосурати

Қирғизистон жамоат арбоби Арстан Абдилдаев (Алай)нинг ўлими бўйича жиноий иш Аламедин туман судига ўтказилди. Бу ҳақда Kloop.kg Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Мазкур иш бўйича Абдилдаев вафот этган 31-сонли тиббий колониянинг беш нафар ходими айбланмоқда. Тергов жараёнида айбланувчилардан бири уй қамоғида вафот этган. Унга нисбатан қўзғатилган иш тўхтатилган.

Қолганлари эса Қирғизистон Жиноят кодексининг 348-моддаси («Масъулиятсизлик») билан айбланган. Тергов маълумотларига кўра, Арстан Алайнинг ўлимига уларнинг колониядаги қонун ва ички тартибни қўпол равишда бузганликлари, шунингдек, хизмат вазифаларига бепарво муносабатда бўлганликлари сабаб бўлган.

ℹ️ Арстан Абдилдаев шу йилнинг 5 январь куни колония ошхонасида осилган ҳолда топилган эди. У 55 ёшда бўлган.

Абдилдаев Олтин давр 2012 йили бошланиши, Ердаги ҳаёт қирғизлардан келиб чиққанини айтганидан кейин шуҳрат қозонган. Унинг «қиш бўлмайди» ибораси Интернет-мемга айланганди. 2019 йил сентябрида Абдилдаев ўзини янги худо деб эълон қилган ва шунинг учун унга қарши диний адоват қўзғатиш моддаси бўйича жиноий иш очилган, бироқ бир неча ой ўтиб ёпилган.

2023 йил декабрь ойи ўрталарида Алай Жиноят кодексининг худди шу моддасини бузганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. У тергов изоляторига жойлаштирилади, бироқ кейинчалик психиатр тавсиясига кўра 31-сонли тиббий колонияга ўтказилади. Бир ҳафта ўтгач, Алай ўлик ҳолда топилган. Унинг ўлимига бировнинг алоқаси йўқлиги айтилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ