Қозоғистон ҳукумати мамлакатда бир нечта атом электр станцияларини қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 16 июль куни Энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг ҳукумат брифингидаги нутқидан маълум бўлди.
«Биз, Энергетика вазирлиги, референдум (Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича) ҳақида гапирар эканмиз, Қозоғистонда битта атом электр станцияси ёки ёлғиз АЭС қуриш масаласини кўтармаяпмиз: гап атом энергетикасининг ривожланиши ҳақида бормоқда. Ядро энергетикаси атом саноатининг бир қисмидир», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Nur.kz.
Саткалиевнинг фикрича, келажакда ишончли ва кенгайтириладиган энергия таъминоти учун атом электр станцияларини қуриш учун учта майдонни тайёрлаш керак – бордию бу масала референдумда қўллаб-қувватланса. Бундай майдонлар бор.
«Агар йирик ва кам қувватли станциялар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу Балхаш участкаси. Курчатов участкаси бор, у ерда илгари Ғарбий Қозоғистонда ўрта қувватли электр станцияси ишлаган жой бор», — дея Энергетика вазирлиги раҳбарининг сўзларини келтиради Kazinform.
Ўтган йили Республика Энергетика вазирлиги АЭС қурилиши бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, у Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилганди.
Саткалиевнинг таъкидлашича, ҳозирча гап режалаштириш ҳақида эмас, балки Қозоғистон энергетика тизимининг келажакдаги энергия юкларини қоплаш имкониятлари ва самарадорлиги ҳақида бормоқда.
«Бизга базавий қувват керак. Дунё бўйлаб кўмирдан фойдаланиш сезиларли чекловларга дуч келмоқда, газ асосан оралиқ энергия ёқилғиси сифатида ишлатилади. Шунинг учун муқобил вариантлар кўп эмас», — дейди Саткалиев.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда, айниқса, ёшларда атом энергетикасини ривожлантиришга қизиқиш катта.
«Улар очиқчасига гапиришяпти: «Нега биз ҳалигача атом энергетикасини ривожлантирмаяпмиз?» Саноат, илм-фан ривожи, янги имкониятлар, электроника ривожи, таълим ва технологиянинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши истиқболларини ҳамма тушунади. Ҳозирда Қозоғистон фуқаролари бу масалага жудаям қизиқаётганини таъкидлаймиз», — деди вазир.
Шу билан бирга, Саткалиевнинг таъкидлашича, республикада АЭС қуриш бўйича қисқа рўйхат иштирокчиларини обрўсизлантиришга уринаётган лоббичилар гуруҳлари ҳам бор.
«Бу муайян иштирокчиларни обрўсизлантириш учун аниқ ташкил этилган кампаниялардир. Буни ҳам кузатиб боряпмиз. Шундай журналистлар борки, улар масалани етарлича тушунмай, кўпроқ ҳиссиётларга берилишади ва ядро технологияларини ривожлантириш учун хавфсизлик тизимлари қанчалик чуқурлашиб кетганини тушунишмайди», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
Шуни таъкидлаш жоиз АЭС қуриш бўйича қисқа рўйхатга бир нечта ядро технологиялари етказиб берувчилари киритилган:
👉 Хитойнинг HPR-1000 реакторли CNNC компанияси;
👉 Кореянинг APR-1400 реакторли KHNP компанияси ;
👉 ВВЭР-1200 ва ВВЭР-1000 реакторли Россиянинг «Росатом» компанияси;
👉 Францянинг EPR-1200 реакторли EDF компанияси.
Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати NuScale (АҚШ), GE-Hitachi (АҚШ-Япония) каби технологиялар ва етказиб берувчиларни ўрганаётгани маълум қилинди.
Битта атом электр станциясини қуриш қиймати 10-12 миллиард долларга баҳоланмоқда.
ℹ️ Қозоғистонда АЭС қурилиши анчадан бери муҳокама қиланади, бироқ 2019 йилдан бери расмийларнинг бу борадаги гаплари сезиларли даражада ўзгарди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев билан Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Қозоғистонда Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда АЭС қуришни таклиф қилганди. Тўқаев бунга жавобан мамлакат аҳолисининг аксарияти фикрини ҳисобга олмаган ҳолда атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилинмаслигини айтганди.
2022 йил февралида Тўқаев Қозоғистонга атом энергетикаси жуда зарурлигини айтганди. 2023 йил сентябрида у АЭС қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилганди. Ўшанда Саткалиев амалдаги тартибларга кўра, халқнинг овоз бериши шарт эмас, бироқ «давлат раҳбари референдум аниқ ўтказилишини айтди ва биз бу буйруқни бажарамиз», деганди.
16 июль куни бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазирлиги раҳбари август ойида АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланишини, шундан сўнг референдум ўтказиш санаси белгиланишини айтди.