Самарқанд вилоятида А синфига кирувчи «Логопарк Самарканд» номли энг йирик мультимодал транспорт-логистика маркази очилади. Бу ҳақда лойиҳада иштирок этаётган Marakand Logair хабар берди.
Янги марказ минтақадаги энг йирик марказ бўлади. Унинг очилиши 2025 йилнинг иккинчи чорагида режалаштирилган.
Логопарк қурилиши жорий йилнинг февраль ойида бошланган. Марказ 40 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга ва у етакчи халқаро ва маҳаллий электрон тижорат, тарқатиш, ишлаб чиқариш ва логистика компаниялари маҳсулотларини жойлаштиришга мўлжалланган.
Мажмуа маҳсулот сақлашнинг барча ҳарорат режимлари, шунингдек, кенг турдаги қўшимча хизматларни ўз ичига олувчи бинолардан иборат бўлади.
Marakand Logair омборхона фаолиятини ташкил этиш ва ижара бўйича шартномаларни тузишни бошлади.
« Самарқанд вилоятида ҳам ички, ҳам халқаро товар айирбошлашнинг динамик ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда, замонавий омбор майдонларига бўлган талаблар тўлиқ қондирилмаган. Биз мижозларимизга божхона текширувидан ўтмасдан импорт маҳсулотларини узоқ муддат давомида сақлаш учун қуруқ, совуқ, шунингдек, бонд (божхона) омборларини таклиф қилишга тайёрмиз», — дея тушунтирди Marakand Logair компанияси бош директори Икром Ядгаров. Марказнинг хизматлари Ўзбекистондаги товар ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларни ички ва хорижда сотишда ёрдам беради, дея қўшимча қилди у.
Бошқаруви Marakand Logairга кирувчи SEG Enera инвестиция-саноат гуруҳига кўра, янги логистика маркази таъминот занжирлари ва уларнинг етказиб бериш муддатларини сезиларли даражада қисқартиради, шунингдек, юк ташишнинг маневр қобилиятини оширади.
«Логопарк қурилиши – бу янги, ўта истиқболли ва гуруҳимиз учун мантиқан мос келадиган бизнес йўналиши саналади. Логистика маркази қулай жойлашув ўрнига эга – Ўзбекистон Республикасининг асосий трассасида (М-37), яна бир шўъба корхонамиз ҳисобланган Air Marakanda компанияси томонидан бошқариладиган Самарқанд халқаро аэропортига туташ ҳудудда. Биргаликда бу самарадорликнинг ошишига олиб келади – биз мижозларимизга тўлақонли транспорт-логистика кластери ва хизмат кўрсатишнинг фойдали шартларини таклиф қилишимиз мумкин», — деб таъкидлайди SEG Enera гуруҳининг M&A бўйича директори Дмитрий Кочиев.
ℹ️ SEG Enera – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг турли тармоқларида диверсификацияланган активлар портфелига эга бўлган инвестиция ва саноат гуруҳи ҳисобланади. Унинг фаолият соҳаларига нефть-газ саноати, металлургия, газ-нефть кимёси, минерал ўғитларни ишлаб чиқариш, электр энергетикаси, логистика, шунингдек, IT, соғлиқни сақлаш, туризм, қишлоқ хўжалиги киради. 2022 йили активларни ягона бошқарув тизими доирасида бирлаштириш, жорий фаолият самарадорлигини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш мақсадида ташкил этилган. Ходимлар сони 15 минг кишидан ортиқ. SEG Enera компаниясининг бош қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган.
Самарқанд вилоятида SEG Enera томонидан қатор инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Муваффақият билан фаолият юритаётган аэропорт ва Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасидан ташқари, Ferkensko фосфат ўғитлар заводини реконструкция қилмоқда ва Самарқанд халқаро технология университети кампуси қурилишини якунламоқда.
ℹ️ Marakand Logair – – 2021 йили асос солинган ва аэропорт ҳудудини комплекс ривожлантириш лойиҳаларини бошқаришга ихтисослашган лойиҳа компанияси.