Ашхободлик журналист аёл Бердимуҳамедовларни ҳукумат танқидчиларига босим ўтказишни бас қилишга чақирди

Солтан Очилова. "Хроника Туркменистана" сайтидаги видеомурожаатдан лавҳа

Ашхободлик мустақил журналист аёл Солтан Очилова Туркманистон ҳукуматини электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилган қишлоқ аҳлини, ўзи ва оила аъзоларини таъқиб қилишни бас қилишга чақирди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Очилова ўз мурожаатида, июнь ойи охирида Лебап вилоятидаги Мулк қишлоғи аҳолиси у билан боғланиб, электр иаъминотидаги мунтазам узилшлар, ичимлик ва суғориш суви таъминоти ёмонлиги ҳақида гапирганини айтади. «Хроника Туркменистана» сайтида уларнинг мурожаати эълон қилинганидан сўнг Мулк аҳолиси яна Солтан Очиловага қўнғироқ қилиб, вазият яхшиланганини айтишган, бироқ кейинчалик улар билан алоқа узилган. Улар гапирган бошқа муаммолар ҳал бўлганми ёки йўқми, бу – номаълумлигича қолган.

Журналист расмийлардан унинг телефонини тинглашни ва амалдорлардан адолат тополмагач, ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоят қилган одамларни таъқиб этишни бас қилишни талаб қилади.

Очилова тўғридан-тўғри мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси, Республика Халқ Маслахати (Халқ кенгаши) раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовга мурожаат қилади.

«Сизлар [ота ва ўғил] менга қарши репрессияни тўхтата олмайсизлар. Қонун бўйича мен ҳақ эканимни тан олишга сизларда журъат йўқ. Сизлар гуноҳларингиз учун жавоб беришингни ўйламай мазза қилиб яшаяпсизлар», — дейди Очилова.

У Туркманистон ҳукуматидан мустақил нашрлар веб-сайтларини блоклашни бас қилишни талаб қилади ва уларнинг нашрларидан мамлакат аҳолиси ҳаётини яхшилаш учун фойдаланишга чақиради.

«Мамлакат ташқарисида фаолият юритаётган мустақил оммавий ахборот воситаларини йўқ қилишга уринишдан кўра, уларнинг нашрларини билан танишинг ва хулоса чиқаринг. Мамлакатда ҳамма нарса яхши, дея ўзингизни ҳам, халқни ҳам алдаяпсиз», — дейди журналист аёл.

ℹ️ 75 ёшли Солтан Очилова Туркманистонда яшаб мустақил матбуот билан очиқ ҳамкорлик қилаётган камёб туркман журналистларидан бири ҳисобланади. Жумладан, Озодлик радиосининг туркман хизмати (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) бўлмиш — «Азатлиқ» билан. Ҳуқуқ ҳимоячиси бир неча бор тахдидларга учраган. 2019 йили Очиловага чет элга чиқишга рад жавоби берилган.

2021 йили Солтан Очилова «Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун Нобель мукофоти» номи билан машҳур халқаро Мартин Энналс мукофотининг учта финалчисидан бирига айланган. Коронавирус пандемияси даврида ҳаракатланиш чекловлари туфайли Очилова ўтган йили Швейцарияга учиб, совринни қўлга киритиш имкониятига эга бўлган. Аэропортда журналист ва унга ҳамроҳлик қилаётган қизи синчковлик билан текширилган, бироқ тақиқланган ҳеч нарса топилмаган. Шунда паспорт назорати ходимлари паспортларининг барча саҳифаларини нам салфеткалар билан ҳўллашган, сўнг ҳужжатлар фойдаланишга яроқсизлигини маълум қилиб, Очиловаларни мамлакатдан чиқаришмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ