Суд Маралди қишлоғининг (Шарқий Қозоғистон вилоятида жойлашган) олти нафар фуқаросига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни тўхтатди, деб хабар беради ORDA.kz.
Жабрланган томон ишни тўхтатишни сўраган. Унинг вакиллари мазкур воқеанинг аксар иштирокчилари адашганини тан олади. «Биз биламизки, бу корхонага қарши режали, мақсадли чора бўлган(...)
Бу ҳаракатнинг ташкилотчилари ва провокаторлари эмас, балки оддий одамлар судга тортилгани жуда ачинарли ҳол. Буни тушунган ҳолда, ярашишга келишиб олдик ва келгусида тергов ҳаракатлари давом эттирилишига умид қиламиз», — дея корхона қурилиши билан шуғулланувчи компания адвокатининг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Шунингдек, жабрланувчи томон ҳам 6 миллион тенге (12,6 минг доллар) миқдоридаги зарарни ундиришдан бош тортган.
Маралди қишлоғи аҳолиси атроф-муҳитга зарар етказилишидан қўрқиб, бир неча йилдан буён ўз қишлоғи яқинида олтин қазиб олувчи корхона қурилишидан норози бўлиб келади. Шунга қарамай, расмийлар лойиҳани 2022 йили бошлаган. Жорий йил май ойида қурилаётган корхона ҳудудига юзга яқин одам, жумладан, қишлоқ аҳолиси бостириб кирган. Улар асбоб-ускуналарни вайрон қилганлар ва бир неча ходимларни жароҳатлаганлар. Оқибатда қўриқчилар ва ишчилар корхонани тарк этишга мажбур бўлишган, ҳудудга полиция ходимлари ва СОБР (махсус тезкор ҳаракат гуруҳи) жалб қилинган.