Ўзбекистон Бош прокуратураси yashirin_iqtisodiyot_takliflar Telegram-ботини ишга туширди. Мазкур ресурс орқали республика аҳолиси коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўз таклифларини юбориши мумкин, деб хабар беради назорат маҳкамаси матбуот хизмати.
Аниқлик киритилишича, бот орқали масалан, қурилиш, фармацевтика, улгуржи савдо, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, умумий овқатланиш, туризм, кўчмас мулк каби соҳаларда пул маблағларининг ҳуфёна айланиши ёки солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган ғояларни юбориш мумкин.
Шу билан бирга, Бош прокуратура фуқароларнинг алоҳида фактлар бўйича мурожаатларини эмас, балки тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсияларини кўриб чиқади.
Маҳкама ходимлари яширин молиявий операциялар, коррупция ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш давлат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатадиган ва бозорда адолатли рақобат муҳитини яратишга путур етказадиган фаолият эканини эслатади.
«Ташаббускор тадбиркорлар ва фуқароларимизни фаолликка чақириб, қонунларга қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни олдини олиш ва унга қарши курашиш билан боғлиқ таклифлар жамиятимиз равнақида муҳим ўрин тутади деган умиддамиз», — дейилади Бош прокуратура хабарида.
Коррупция Ўзбекистондаги энг жиддий муаммолардан биридир. Мамлакат ҳукумати вақти-вақти билан инсофсиз амалдорлар ва тадбиркорларга қарши қонунлар қабул қилади. Масалан, ўтган йили давлат хизматчиси томонидан олинган совға қиймати тўртта базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслигига оид қоида эълон қилинди – ҳозирда бу 1,36 миллион сўмни (107 доллар) ташкил этади.