Бойқўнғирда уч нафар хорижлик қўлга олинди ва уларнинг жосусликка алоқадорлиги текширилмоқда

Flickr сайтидан NASA HQ фотосурати

Бойқўнғир космодромида уч нафар чет эл фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда ТАССга ҳуқуқ-тартибот идоралари хабар берган.

Қўлга олинганлар Нидерландия ва Бельгия фуқаролари бўлган. Улар космодром ҳудудига ноқонуний равишда кирган, дейди агентлик суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, воқеа 9 июль куни содир бўлган. Ҳозирда мазкур воқеанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритилмоқда.

SHOT Telegram-канали хабарига кўра, хорижликлар Байқўнғир монтаж – ёқилги қуйиш мажмуасида қўлга олинган. Уларни космодром ҳудудида патруллик қилаётган полиция ходимлари пайқаб қолишган.

Айни вақтда ҳибсга олинганларнинг жосусликка алоқадорлиги текширилмоқда, дейилади хабарда. Ҳозирча улар қўриқланадиган объектга рухсатсиз киргани учун беш кунлик маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

Байқўнғир космодроми Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жойлашган. Худди шу номдаги шаҳар билан биргаликда у Россия томонидан 2050 йилгача ижарага олинган мажмуани ташкил қилади. Қизилўрда вилояти полицияси «Курсив» нашрига хорижликларнинг Байқўнғирга кириб келгани юзасидан тергов олиб борилаётганини тасдиқлаган ва бу ҳудудга РФ Ички ишлар вазирлиги хизмат кўрсатишини қўшимча қилган.

Бу сўнгги ойларда космодромда содир бўлган биринчи бундай ҳодиса эмас. Июнь ойида Қозоғистон ва Россия ОАВлари Парижлик икки сайёҳ Байқўнғир ҳудудига ноқонуний киришга урингани ҳақида ёзганди. Натижада улардан бири даштда чанқоқдан вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ