Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси ўз ходимларининг валютафурушлар билан алоқаси борлигини рад этади

Россиянинг Туркманистондаги элчихонасига навбат. turkmen.news сайти фотосурати

Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси консуллик ходимларининг кассирлар талабига биноан элчихона дарвозаси олдида «эски» долларларни «янги»сига алмаштираётган валютафурушлар билан алоқаси борлигини рад этади. Бу ҳақда консулликнинг Телеграм-каналида хабар берилган.

Баёнотда эски банкноталар ҳақиқатан ҳам кассирлар томонидан қабул қилинмаслиги таъкидланган ва ҳатто валюталарнинг эскилик мезонларини кўрсатадиган сайт ҳаволаси ҳам келтирилган. Шу билан бирга, элчихона маълумотларини «ишончсиз» деб атаган Turkmen.news нашрининг таъкидлашича, танқидий материал эълон қилинган вақтда консуллик веб-сайтида мезонлар кўрсатилган саҳифа бўлмаган.

Элчихона расман валютафурушлар хизматидан фойдаланмаслик кераклигини таъкидлайди.

«Элчихона ходимларининг консуллик бўлими ҳудудидан ташқаридаги жисмоний шахслар фаолияти билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аксинча, биз ўз нашрларимизда фуқароларни шубҳали хизматларни таклиф этувчи турли воситачиларга мурожаат қилмасликка чақирамиз», — дейилади постда.

Дипломатлар, шунингдек, нашр манбаларининг узоқ вақт давомида навбатда туришда ноқулай шароитлар мавжудлиги ҳақидаги шикоятларига жавоб беришган.

«Ташрифчиларга қулайлик яратиш мақсадида консуллик бўлими ҳудудида шахсий буюмларни сақлаш учун қутилар, скамейкалар, стуллар, столлар, ёзув қуроллари, ичимлик суви кулерлари мавжуд, санузель ишлайди», — дейилади элчихона хабарида.

Шу билан бирга, Turkmen.news манбалари юқорида қайд этилган имтиёзлар элчихона ҳудудида мавжудлигини, лекин кўпинча ташриф буюрувчилар бундан фойдалана олмаслигини даъво қилишда давом этади. Шу билан бирга, элчихона номига ижобий сўзлар ҳам айтилган. Жумладан, консуллик ходимлари вилоятлардан келган Туркманистон фуқаролари учун ўша куннинг ўзида Россияда яшаш учун рухсатномани расмийлаштираётгани таъкидланган. Пойтахт аҳолисига эса бир ой ичида қўнғироқ қилиниб, яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) тайёр бўлгани ҳақида хабар берилади.

Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси кассирлари кўпинча ташриф буюрувчилардан консуллик хизматлари учун тўлов сифатида доллар қабул қилишдан бош тортгани ва валютафурушлардан банкнотларни янгисига алмаштиришни таклиф қилаётгани ҳақидаги маълумотлар Turkmen.news сайтида чоп этилганди. Нашрнинг ёзишича, кассирлар нафақат «эски» банкнотларни, балки янгиларини ҳам қабул қилишдан бош тортганлиги сабаб, банкноталар олди-соттиси йўлга қўшилган. Одамлар кассир қабул қиладиган долларни олиш учун валютафурушларга 50 манат (2,5 доллар) тўлашга мажбур бўлаётгани айтилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ