Қирғизистон собиқ Таълим вазири жаримага тортилди ва давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Алмазбек Бейшеналиев. sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистон собиқ Таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев 1,5 миллион сўм (17,3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилди ва уч йилга давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Бишкекнинг Первомайский туман судига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.

Бейшеналиев Қирғизистон Жиноят кодексининг 337-моддаси («Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш») бўйича айбдор деб топилди. Собиқ вазир шикоят билан мурожаат қилган апелляция инстанцияси – шаҳар суди туман судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

👉 Бейшеналиев 2022 йил 28 сентябрь куни 10 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга олинган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, пул чет эллик талабаларни Қирғизистон олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш учун олинган. Бундан ташқари, бу пул амалдорнинг ўз хизматлари учун талаб қилган 110 минг доллар миқдорининг фақат бир қисми бўлиб чиққан.

Кейинроқ ИИВ интернетга пул берилаётгани акс этган видеони жойлаштирган. Унда вазирнинг конвертни қабул қилиб олаётгани тасвирланган: «Ҳамма жойда камералар бор, шундай эмасми? Бу одобга тўғри келмайди, лекин раҳмат», деган. Кейин у машинага ўтиради, шундан сўнг полиция уни ҳибсга олади. Конвертдаги купюралар махсус бўёқ билан белгиланганди.

ℹ️ Алмазбек Бейшеналиев етти ойдан сал кўпроқ вақт Халқ таълими вазири лавозимида ишлаган — у бу лавозимга 2022 йил 17 февралда тайинланган. У 2020-2021 йиллари ҳам олти ой мазкур лавозимда ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ