Машҳур опера хонандаси Адҳам Холиқов Душанбеда вафот этди

Адҳам Холиқов. YouTubeдаги Nodir канали видеосидан фрагмент

3 июль куни Тожикистон халқ артисти, опера солисти Адҳам Холиқов 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда республика Маданият вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.

Вазиолик ўлим сабабига ойдинлик киритмаган. Марҳум билан видолашув 4 июль куни Душанбеда бўлиб ўтади.

«Тожик маданияти вакиллари Тожикистон халқ артисти, Садриддин Айний номидаги Давлат академик опера ва балет театри солисти Адҳам Холиқов вафоти муносабати билан қайғуради ва марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилади хабарда.

ℹ️ Адҳам Холиқов 1948 йил 7 майда Хатлон вилоятининг Фархор туманида туғилган. 1970 йили Мирзо Турсунзода номидаги санъат институтини (ҳозирги Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат маданият ва санъат институти) ва 1979 йили Москва давлат консерваториясини тамомлаган. 1970-1980 йиллари Москвадаги «Красная звезда» ансамбли солисти бўлган. Москва консерваториясини тамомлаб, Тожикистонга қайтган. 1980 йилдан то умрининг сўнгги кунларигача Садриддин Айний номидаги Тожикистон Давлат академик опера ва балет театри фаолият юритган.

Холиқов ижоди давомида 30 дан ортиқ операларда, асосан, бош ролларни ижро этган. Улардан энг машҳурлари: «Евгений Онегин» (Онегин), «Бал-маскарад» (Ренато), «Севильялик сартарош» (Фигаро), «Айний» (Беҳзод), «Олтин қишлоқ» (Салим), «Ёқуб Сабзановнинг қайтиши» (Содиқ), «Қуллар» (Арсений), «Ўтмиш фарёди» (Восе).

Адҳам Холиқов жаҳоннинг энг машҳур театрлари, жумладан, Москва ва Санкт-Петербург, Вена ва Милан театрлари саҳналарида чиқиш қилган. Германия (1982, 1990) ва Австрияда (1983) гастролларда бўлган. Миландаги «Бельканто интернешнл» академиясининг бадиий раҳбари бўлган.