Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон 2035 йилги Осиё кубогини биргаликда қабул қилишни режалаштирмоқда

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони. Uzreport.news сайти фотосурати

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон 2035 йили футбол бўйича Осиё кубогини ўтказиш учун биргаликда ариза беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Футболиум» ТГ-каналида спорт мутахассиси Алишер Никимбаев хабар берди.

«Расман гапиришга ҳақли эмасман. Аммо тушунишимча, 2035 йил учун ҳамма нарса шундай режалаштирилмоқда. ОФКдан норасмий розилик олинган», — деб ёзади Никимбаев Осиё кубогини Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон стадионларида ўтказиш имкониятига доир берилган саволга жавобан.

Саволни берган одамнинг сўзларига кўра, турнир учун барча шарт-шароитлар мавжуд: жумладан, Бишкекда янги стадион қурилмоқда ва эскилари реконструкция қилинди. Душанбеда янги арена қурилмоқда. Ўзбекистонда ФИФА талабларига жавоб берадиган стадионлар мавжуд.

Шунингдек, йирик халқаро футбол мусобақаларини ўтказиш тажрибаси бор, масалан, Ўзбекистон U-20 ва U-23 Осиё кубогларини ўтказди. 2023 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон биргаликда тарихда илк бор катталар CAFA Кубогини қабул қилди.

Таъкидлаш жоиз, турнир мезбонлари Осиё кубогида қатнашиш учун автоматик равишда йўлланма олишади.