Франциянинг Montagne et Neige Development (MND) компанияси Олой тоғ тизмаси ён бағирларида жойлашган Шоҳимардон қишлоғида сайёҳлик маркази қуриш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров ва MND бошлиғи Орхон Ширин ўртасида бўлиб ўтган учрашувда туристик зона ташкил этиш режалари муҳокама қилинган. Франция компанияси 10 тадан кабинага эга иккита арқон йўли, 1 та қия кўтаргич, 1 та осма кўприк, Zipline, Alpine Coaster аттракционлари ва бошқа кўплаб қўшимча туристик инфратузилма объектларини қуришни таклиф қилган.
Таъкидланишича, табиат билан уйғунлик бош ғоя бўлган лойиҳада оилавий туризм имкониятларини тақдим этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Лойиҳани молиялаштириш масаласи Франция тараққиёт агентлиги ҳамда Европа банклари билан муҳокама қилинмоқда.
👉 Бу MNDнинг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳаси эмас. Ўтган йил март ойида ушбу француз компанияси Тошкент вилоятидаги «Чимён» оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича очиқ танловда ғолиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Бу ерда Ўрта Осиёда энг баланд нуқтага эга арқон йўли қурилиши режалаштирилган.
ℹ️ MND — тоғли жойларда туризм соҳасида умуммавсумий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда осма йўлларидан шаҳарларда, саноат объектларида ва маиший мақсадларда фойдаланиш бўйича кенг кўламли хизматлар кўрсатишда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, компания Куршевел, Шамони -Мон-Блан, Роза Хутор, Босcо Гурин, Молесон, Нарвик ва бошқалар каби бутун дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.