Россия ИИВ раҳбари 2024 йили мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони камайганини маълум қилди

Владимир Колокольцев. Видеодан кадр

2024 йили Россияда чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар сони камайишда давом этган. Бу ҳақда РФ Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида маълум қилди.

«Кенг қамровли профилактика ишлари натижасида чет эл фуқаролари томонидан содир этилаётган жиноятлар сонининг пасайиш тенденциясини кучайтиришга эришилди. Шу билан бирга, жорий йили оғир ва ўта оғир қилмишлар сони қарийб 8 фоизга, аниқроғи, 7,6 фоизга камайганини қайд этмоқдамиз. Четдан келганлар томонидан содир этилган ҳужумларнинг умумий сонида уларнинг улуши ҳам камайди», — деди Колокольцев.

Шу билан бирга, вазир «баъзида бизда бўлаётгани каби бузиб кўрсатилган рақамларни эмас, балки давлат статистикаси рақамларини келтираётганини таъкидлади. Булар ҳукумат расмий статистикасидаги рақамлардир».

Барча манфаатдор бўлинмалар фаоллаштирилгани туфайли ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ аниқланган жиноятлар сонини икки баробардан кўпроққа кўпайтириш имконини берди, деди ИИВ раҳбари.

«Жиноятлар олдини олиш ва қидирувда бўлган ёки шахсини аниқлаш маълумотларини ўзгартирган мигрантларни аниқлашга бошқа нарсалар қатори Россия ИИВ ахборот ресурслари, биринчи навбатда, дактилоскопия ёзувлари ёрдам берди», — дея тушунтирди Колокольцев.

Вазирнинг таъкидлашича, «чет эл фуқароларининг айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳам кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлади ва миллатлараро кескинлик даражасини оширади».

«Шундай қилиб, ноқонуний миграцияни аниқлаш масалалари стратегик аҳамиятга эга бўлиб, кўплаб бошқармалар, шунингдек, минтақавий ҳокимиятлар ваколатларини қамраб олади ва улар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилиниши лозим», — дея хулоса қилди Россия ИИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин 2023 йили хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги жиноятлар 3 фоизга камайгани ва оғир жиноятлар 32 фоизга ошгани ҳақида маълум қилганди.