Суиқасд чоғида яраланган қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов Киевдаги касалхонада вафот этди

Айдос Содиқов. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

18 июнь куни суиқасд пайтида яраланган қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов Киевдаги шифохонада вафот этди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталя Содиқова Facebookда (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) хабар берди.

«Айдос Содиқов бугун Киев вақти билан соат 3:00 да бизни тарк этди. Менинг суюкли турмуш ўртоғим, уч фарзандимизнинг отаси, қозоқ халқининг буюк фарзанди. Айдос Қозоғистон учун жон берди, қотиллар қўлида шаҳид бўлди. Ўн уч кун давомида Айдос реанимацияда ҳаёт учун курашди, аммо мўъжиза содир бўлмади», — деб ёзган Содиқова 1 июль куни.

У турмуш ўртоғининг ўлими учун жавобгарликни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга юклаган.

ℹ️ Айдос Содиқов миллионлаб аудиторияга эга YouTubeдаги «Бәсе» каналининг муаллифи, 2014 йилдан бери оиласи билан Украинада яшаган. У ватанида ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айбланиб қидирувга берилган.

18 июнь куни Киевнинг Шевченковский туманида номаълум шахс Содиқовга ўқ узган. Суиқасддан кейин мухолифатчи операция қилинган. 19 июнь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон суиқасд бўйича тергов ишларида ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Кўп ўтмай, Украина полицияси суиқасд уюштиришда гумонланувчиларнинг шахсини аниқлаган — улар Қозоғистоннинг икки фуқароси Алтай Жаканбаев ва Мейрам Қаратаев бўлиб чиққан. Жиноят содир этгандан сўнг улар Украинани тарк этишган. 22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Жаканбаевнинг ҳибсга олинганини эълон қилиб, унинг ўзи полиция бўлимида келганини таъкидлади. Қаратаев қидирувда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ