Қирғизистонлик машҳур оқин Асқат Жетиген уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Жетиген 17 март куни мамлакат президенти Садир Жапаровни ҳақоратли сўзлар билан танқид қилган видеони эълон қилгани учун ҳибсга олинган эди. У Нориндан Бишкекка олиб кетилган ва у ерда икки кун вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланган. Кейин Жетиген яшаш жойини тарк этмаслик тилхати билан кўйиб юборилган.
20 март куни у яна ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган ва шу вақтдан буён ўша ерда сақланган. Оқинга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси («Ҳукумат амалдорларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақириш») ва 327-(«Ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақириқлар») моддаси бўйича иш очилган.
Апрель ойида Жетиген ҳибсга олинганидан сўнг у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Бишкек бўлимида бир соат давомида электр токи билан қийноққа солинганини айтган. Кейинчалик тушунтириш хатида оқин қийноқларга дучор бўлмагани, унинг саломатлиги ва хавфсизлигига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани ҳақида ёзган.
Давлат айблови Жетиген учун 8 йил қамоқ жазосини сўраган. Прокурор сўровни оқиннинг президентни «ижтимоий тармоқларда резонанс ва муҳокамаларга сабаб бўлган, Қирғизистон Республикаси аҳолисининг хавфсизлигига таҳдид ва тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган одобсиз шаклда танқид қилгани» билан изоҳлаган.
Суд оқинни 278-модда бўйича оқлаган ва 327-модда билан айбдор деб топган.
Ўзининг сўнгги нутқида Жетиген ижтимоий тармоқларда кўрсатилган ёмон хулқ-атвор учун халқдан кечирим сўраган ва унинг видеолари Жиноят кодексига тўғри келмаслиги, улар максимал маъмурий жаримага лойиқлигини таъкидлаган. У суд қарорини асоссиз деб атаган ва адолатли натижа учун курашишга ваъда берган.
Жетиген жазони умумий режимли колонияда ўтайди.