Москвада икки Қозоғистон фуқароси темир йўлда қўпорувчилик қилгани учун судланди

Москва умумий юрикдиция суди Telegram-канали фотосурати

Москва шаҳар суди Қозоғистон фуқаролари Александр Абрам ва Эдуард Бурдиловни темир йўлда қўпорувчилик қилгани учун 13 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати ТАССга маълум қилди.

Эркаклар РФ Жиноят кодексининг 281-моддаси 2-қисми «а» банди («Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган қўпорувчилик») бўйича айбдор деб топилди, дея аниқлик киритади Лента.ру.

Ҳукмга кўра, Абрам турмада қамоқ жазосининг дастлабки тўрт йилини, Бурдилов эса умумий жазонинг биринчи беш йилини ўтайди. Улар қолган тўққиз ва саккиз йилни мос равишда қаттиқ режимли колонияда ўтказади.

Шунингдек, суд «Россия темир йўллари» акциядорлик жамиятининг судланувчиларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги фуқаролик даъвосини тўлиқ қаноатлантирди. Зарар миқдори 387 минг рублни (4,5 минг доллар) ташкил этган.

Ишнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. Москва шаҳар суди веб-сайтида ҳукмни чоп этиш тақиқлангани айтилган. Худди шу маълумотлардан маълум бўлишича, ишни моҳияти бўйича кўриб чиқиш июнь ойида бўлиши керак эди, бироқ суд мажлислари бир неча марта қолдирилган.

ТАСС хабарига кўра, Абрам ва Бурдилов 2023 йил 22 июнь куни қўлга олинган. Baza Telegram-канали ўша куни Москвадаги Варшавское шоссе яқинидаги темир йўл реле шкафларига ўт қўйганликда гумон қилинган икки Қозоғистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Ҳибсга олинганлар, хабарда кўрсатилганидек, ўз меҳнатлари учун крипто ҳамёнларда 30 минг рубль олганликларини тан олишган. Улар бу топшириқни Telegram орқали олишган.