Қозоғистонлик олигарх Абулгазин Греция ҳукуматига Гидра оролидаги ёнғинга оид суриштирув ишларида ёрдам беради

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистонлик олигарх Данияр Абулгазин Forbes.kz таҳририяти орқали Грециянинг Гидра (Идра) оролидаги ёнғин юзасидан баёнот берди. Тадбиркор ёнғиндан сўнг экипаж аъзолари ҳибсга олинган ҳашаматли Persephoni I («Персефона I») яхтасини ижарага олганини тан олди, бироқ на унинг ўзи, на яхтадаги бошқа йўловчилар «ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этмаганини» таъкидлади.

«Аниқлик учун айтишим лозим, мен ўзим ва меҳмонларим учун Греция ороллари бўйлаб саёҳат уюштириш мақсадида 2024 йил 15 июнь соат 12:00дан (кундузи) 2024 йил 22 июнь соат 12:00 гача «Персефони I» яхтасини ижарага олгандим. Дастлаб 22 июнга белгиланган Грециядан жўнаб кетишимиздан олдин биз билан Греция ҳукумати вакиллари гаплашди, улар бу воқеа юзасидан менга ва меҳмонларимга ҳеч қандай даъво билдиришмади. Шундай қилиб, биз олдиндан белгиланган саёҳатимизни давом эттирдик. Шуни таъкидлаш лозим, баъзи меҳмонлар 2024 йил 21 июнь куни эрталаб жўнаб кетишганди.
Қайтганимдан сўнг матбуотда эълон қилинган айбловлар мен учун мутлақо кутилмаган янгилик бўлди ва мен ҳар қандай қонунбузарликни қатъиян рад этаман»,дея таъкидлайди Абулгазин.

Унга кўра, яхта йўловчилари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишган.

«Мен ҳам, меҳмонларим ҳам яхта экипажидан ёки бошқа учинчи шахслардан ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этишни сўрамаганмиз. Биз ҳар доим зарур хавфсизлик чораларига риоя қиламиз ва бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун қонун ва қоидаларга қатъий риоя қиламиз. Биз Греция расмийлари билан уларнинг тергови доирасида ҳамкорлик қиламиз», — дея хулоса қилади тадбиркор.

Дониёр Абулгазин Forbes маълумотларига кўра Қозоғистоннинг энг бой тадбиркорлари рўйхатига киритилган, унинг бойлиги 380 миллион долларга баҳоланади.

Грециянинг Гидра (Идра) оролида ёнғин содир бўлгани 22 июнь куни маълум бўлди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ёнғинга «Персефона I» яхтаси йўловчилари томонидан Агиос Николаос пляжи томон отилган феерверк (мушак) сабаб бўлган. Pronews.gr нашрининг ёзишича, айблорлар дастлаб ўзлари ёнғинни ўчиришга уринишган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмагач, ўт ўчириш хизматига қўнғироқ қилиб, ғойиб бўлишган. Натижада 1200 гектарга яқин ўрмон ёниб кетган.

23 июнь куни Пирей прокуратураси ўт қўйиш бўйича жиноий иш қўзғатган ва «Персефони 1» яхтаси экипажини ушлаган (жами 13 киши, кейинчалик улар ҳибсга олинган). Қўлга олинганлар орасида Қозоғистон фуқаролари ҳам борлиги маълум қилинган, бироқ Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этган.

«Қозоғистон консули маълумот эълон қилингандан сўнг дарҳол ушбу иш юзасидан Греция расмийлари билан боғланган. Полиция ҳибсга олинганлар орасида Қозоғистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди», — деди Республика ТИВ вакили Айбек Смадияров. Унинг қўшимча қилишича, қозоғистонликларга ҳеч қандай даъво билдирилмаган.

Бироқ бир кун аввал Грециянинг Kathimerini газетаси шахсий яхтанинг саккиз йўловчиси (барчаси Қозоғистон фуқаролари) оролдаги ўрмонга ўт қўйишда иштирок этганликда айблангани ҳақида хабар берган. «Греция ҳукумати ёрдам сўраб Қозоғистонга мурожаат қилган, чунки яхта ижарачилари расмийлар томонидан сўроқ қилинмасдан туриб мамлакатни тарк этишган», — деб ёзади нашр.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ