Қирғизистон президенти уран ва торий қазиб олишга қўйилган тақиқни бекор қилувчи қонунни имзолади

биржа-лома.рф сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Парламент ушбу қонунни 13 июнь куни қабул қилган.

Аввалроқ Жапаров уранни сўраган ҳар бир истеъмолчига сотишга тайёр эканини маълум қилди – бу торийдан фарқ қилади, чунки у келажак авлодлар учун сақланиши керак. «Нима учунлигини биласизми? Келажакда торий уран ўрнини эгаллайди. Вақтлар келиб, 1 кг торий 200 кг уран ишлаб чиқарадиган электр энергиясини беради. Бўлажак электромобиллар литийдан кўра торийдан фойдаланиши мумкин. Дунё шунга интилмоқда. Шундай экан, торийни ҳозир сотмасдан тежаб қолсак, кейинги авлодга осон бўлади», — деб тушунтирди давлат раҳбари.

ℹ️ Қирғизистонда уран ва торий конларини ўзлаштиришга тақиқ 2019 йил декабрь ойида «уран можароси»дан сўнг киритилган эди. Жанжал ўша йилнинг баҳорида, Иссиқкўл вилоятидаги Тош-Булоқ конида радиоактив металл қазиб олиш бошлангани ҳақидаги миш-мишлар тарқалганида авж олганди. Конни ўзлаштиришга қарши бўлганлар бир қатор митинглар ўтказишган ва петиция тузишган. Натижада, ҳукумат кондаги ишларни тўхтатган, кейин парламент ўзлаштиришни тўлиқ тақиқланишини эълон қилган.

Тоғ-кон саноати вакиллари ҳужжатни нотўғри ва зарарли деб ҳисоблашган. Улар Қирғизистон конларининг кўпчилиги аралаш конлар экани, уран қўшилган кўмир, олтин ва бошқа конларда ишлаш ноқонуний тус олишини тушунтиришганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ