Қозоғистон YouTubeдаги мухолифатчи «Бәсе» канали муаллифи Айдос Содиқовга суиқасд уюштиришда гумон қилинган шахсни Украинага экстрадиция қилмайди. Бу ҳақда республика Сенати спикери Маулен Ашимбаев маълум қилди, деб ёзади Власть.kz.
«Мамлакатимиз қонунларига мувофиқ, республикамизда фуқароларимиз ҳуқуқлари устувор таъминланади. Шу боис, бундай вазиятларда мамлакатимиз қонун ҳужжатларига мувофиқ Қозоғистон фуқароларини экстрадиция қилмайди. Бу мазкур ҳолатга нисбатан эмас, балки умумий тамойилдир: Қозоғистон ўз фуқароларини бошқа давлатларга экстрадиция қилмайди», — деди Ашимбаев Сенат йиғилишида.
Қозоғистон парламенти юқори палатаси спикерининг сўзларига кўра, икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари суиқасдни текшириш ишларида фаол ҳамкорлик қилади.
«Мамлакатимиз Бош прокуратураси терговга қўшилган, Бош прокуратура украиналик ҳамкасблар билан алоқада ва биз барча зарур ёрдамни кўрсатмоқдамиз.
Ва шундай вазиятда Қозоғистон журналистни йўқ қилишдан манфаатдор деган ҳар қандай баёнотлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди ва Қозоғистонни қандайдир геосиёсий ўйинларга жалб қилиш учун тўғридан-тўғри провокациядир», — дея қўшимча қилди Ашимбаев.
18 июнь куни мухолифатчи қозоғистонлик журналист Айдос Содиқовнинг ҳаётига суиқасд уюштирилди — 18 июнь куни Киевнинг Шевченковский туманида номаълум шахс уни отиб ташлади. Суиқасддан сўнг шифокорлар Содиқовнинг аҳволини оғир деб баҳоладилар. 19 июнь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон мазкур ҳодиса тергов ишларида ёрдам беришга тайёр эканини айтди.
21 июнь куни журналистнинг рафиқаси Наталья Содиқова Украина полицияси журналист ҳаётига суиқасд уюштиришда гумонланувчи шахсларни аниқлаганини маълум қилди. Улар Қозоғистоннинг икки фуқароси — 33 ёшли Мейрам Каратаев ва 36 ёшли Алтай Жаканбаев бўлиб чиқди. Эртаси куни гумонланувчилардан бири (тахминан Алтай Жаканбаев) Қозоғистонда қўлга олингани маълум бўлди, у ўз ихтиёри билан республика ҳуқуқ-тартибот органларига келган.
25 июнь куни Украина Бош прокуратураси Содиқовни ўлдиришга уринишда гумонланувчиларни экстрадиция қилиш учун ҳужжатлар пакети тайёрланаётганини маълум қилганди.