Тўқаев кузда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказишга ваъда берди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Бу ҳақда 27 июнь куни республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ОАВ ходимларини тақдирлаш маросимида маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

«Бу масала бўйича якуний қарорни халқ қабул қилади. Референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Аниқ санани ҳукумат белгилайди», — деди давлат раҳбари лойиҳа муҳокамасида оммавий ахборот воситалари фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлар экан.

Президент Қозоғистон атом электр станцияси тақдири республика референдумида ҳал бўлиши ҳақида 2019 йил июнь ва 2023 йил сентябрь ойида бир неча бор таъкидлаганди.

Сўнгги йилларда Қозоғистон раҳбарияти бир неча бор АЭС қуриш тарафдори бўлган, авваллари бу масала қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Ўтган йили Республика Энергетика вазирлиги станция қурилиши бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, у Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида пайдо бўлишини маълум қилганди. Бироқ, бунинг учун технология етказиб берувчи ҳали танланмаганди. Хабар қилинишича, республика ҳукумати олтита глобал етказиб берувчи – Россия (Росатом), Америка (NuScale), Америка-Япония (GE-Hitachi), Корея (KHNP), Хитой (CNNC) ва Франция (EDF) компаниялари технологияларини ўрганмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ