Қирғизистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасини имзолади

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

25 июнь куни Брюсселда Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Садир Жапаровнинг Белгияга амалий ташрифи доирасида имзоланди. Бу сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўплаб ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг ҳуқуқий асосига айланади. Булар: савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш ва алоқалар, тадқиқот ва инновациялар, таълим, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти, дея қайд этди Европа Иттифоқи дипломатик хизмати.

Битим ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасида, жумладан, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, хавфларни камайтириш, киберхавфсизлик, минтақавий барқарорлик, қуролсизланиш, қурол-яроғ назорати ва экспорт назорати масалаларида ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.

Ижрочи вице-президент ва савдо комиссари Валдис Домбровскис таъкидлаганидек, келишув «савдо ва барқарор ривожланиш бўйича улкан бобни» ўз ичига олади, унинг мақсади ҳалол ва очиқ рақобатни ривожлантириш ҳамда қирғизистонлик истеъмолчиларга ҳамда кичик ва ўрта бизнесга фойда келтиришдир.

«Ушбу Битим орқали биз Европа Иттифоқи ва Қирғизистон бизнес ва инвесторлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга, савдо оқимларини осонлаштиришга ва ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам берамиз», — дея тушунтирди Домбровскис.

«Биз Қирғизистон Республикасини яқин ҳамкорларимиздан бири деб билишдан мамнунмиз. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим янги геосиёсий ва иқтисодий воқеликни акс эттирувчи ўзаро манфаатли барча соҳаларда умумий қадриятлар ва умумий манфаатларга асосланган икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга қатъий интилишимиздан далолат беради.
Биз Қирғизистон билан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, очиқ демократик жамиятнинг муҳим устуни бўлган фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз», — деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили ва Европа комиссияси раиси ўринбосари Жозеп Боррель.

Садир Жапаров бугунги кунда Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлик янги босқичининг тарихий остонасида турганини таъкидлади.

«Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим нафақат Европа Иттифоқи, балки унинг барча 27 аъзо давлати томонидан имзолангани ҳам унинг муҳимлигини кўрсатади», — деди Қирғизистон Президенти.

Домбровскис билан учрашувда Жапаров Қирғизистон ўзининг географик жойлашуви ва транзит салоҳияти туфайли савдо ва сармоя учун катта имкониятларни намоён этишини ҳамда яшил кун тартибини фаол илгари сураётганини айтди. Президент ташқи қарзни яшил лойиҳаларга алмаштириш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

ℹ️ Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасида биринчи шериклик ва ҳамкорлик шартномаси 1995 йилди имзоланган ва 1999 йили кучга кирган. Унда ҳамкорликнинг учта устуни белгиланган: сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқалар ва ижтимоий масалалар, молия, фан, технология ва маданият каби соҳалардаги ҳамкорлик. Бир неча йил аввал Бишкек Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги келишувни замонавий воқеликка тўғри келмаслигини айтиб, бекор қилган эди. Томонлар 2017 йилдан бери янги шартнома имзолашга тайёргарлик кўришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ