Афғон журналисти ўлим жазоси таҳдидига қарамай, Россиядан ватанига қайтди

Кобра Ҳассани. SVTV NEWS — Либертариан ОАВ тг-канали фотосурати

Европа Иттифоқига ўтмоқчи бўлган пайтида Россияда ҳибсга олинган ва судланган, кейин эса бошпана мақомидан маҳрум этилган афғон журналисти ва феминист аёли Кобра Ҳассани ўлим жазоси таҳдидига қарамай Афғонистонга қайтди. Бу ҳақда «Фонтанка» нашри аёлнинг РФдаги афғон диаспораси вакилларига таниш бўлган адвокатларига таяниб хабар берди.

Журналист 25 июнь куни Россия Федерациясидан Кобулга учиб кетган.

«Фонтанка» маълумотларига кўра, адвокатлар ва афғон диаспораси унинг хавфсиз жойларга кетишига ёрдам беришга ҳаракат қилган. «Албаниядан Германиягача кетишнинг кўп вариантлари бор эди. Аммо буларнинг барчаси куч, вақт ва пул талаб қиларди», — дейди адвокат Мария Беляева.

Адвокат Елена Фадееванинг сўзларига кўра, Ҳассанининг энди Россияда қолишига кучи қолмаган ва хавф-хатарларга қарамай, Афғонистонга қайтишдан бошқа иложини кўрмаган.

Бундан ташқари, Россия суди томонидан ҳукм чиқарилгандан сўнг, Ҳассани яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхатни имзолаган. Шу билан бирга, прокуратура унга ва Европа Иттифоқи ҳудудига кириш учун Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга урининган яна ўн икки нафар Афғонистон фуқаросига нисбатан чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикоятини берган.

ℹ️ Кобра Хассани 27 ёшда. 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Афғонистон ишғол этилгунга қадар у афғон телеканалларида ишлаган ва ижтимоий, сиёсий мавзуларга масъул бўлган. Ҳассани толиблар ҳаракатига қарши чиққан ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

2021 йили Ҳассани Афғонистонни тарк этиб, Киев университетига ўқишга кирган. Россия ҳукумати Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказилишини эълон қилганидан сўнг, Ҳассани Европага кетишга қарор қилган. У Польшага, кейин Германияга боришни режалаштирган. Аммо охир-оқибат уни ва яна 11 кишини Россияга олиб келишган. Ҳассани рус тилини билмаган ва нима бўлаётганини тушунмаган. Улар аввал Москвага, сўнгра Санкт-Петербургга олиб кетилган, май ойи охирида у ерда ҳибсга олинган, сўнгра Красное Селодаги мигрантларни вақтинча сақлаш марказига жўнатилган. 2024 йил январида Ҳассанига бошпана мақоми беришдан бош тортишган. Ўша йил февраль ойида суд қиз ва мазкур иш бўйича бошқа айбланувчиларни икки йилга озодликдан маҳрум қилади, бироқ уларнинг тергов изоляторида бўлган муддатини инобатга олиб, уларни озод қилади, шунингдек, депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ