Қозоғистон ишбилармонлари, йирик компаниялари ва хайрия жамғармалари тошқиндан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам бериш учун 250,5 миллиард тенге (536 миллион доллар) ажратди. Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев ҳукумат брифингида хайрия миқдори ва донорларнинг исм-шарифлари кўрсатилган батафсил жадвални кўрсатди, деб хабар беради Kazinform.
«Бундай маълумотни биз биринчи марта ошкор қилаётган бўлсак керак. Шу сабабли, шаффофликни таъминлаш учун сиз ушбу рақамлар ва маълумотларнинг барчасини ишлатиш учун биздан олишингиз ва келажакда таҳлил қилишингиз мумкин. Биз барча ҳомийлар билан ушбу маълумотни эълон қилишга келишиб олдик», — дейди расмий.
Компаниялар орасида энг саховатли ҳомийлар: ERG гуруҳи, Samruk-Kazyna Trust, КазМунайГаз, «Казахстан Халкына», Jusan Bank, Казцинк ва бошқалар. Ишбилармон-донорлар рўйхатига мамлакатнинг энг бадавлат кишилари – Вячеслав Ким, Тимур ва Динара Қулибаевлар, Булат Утемуратов, Галимжан Ессенов, Айдин Раҳимбаев, Владимир Ким, Эдуард Огай, Олег Новачук, Тимур Турлов ва бошқалар киритилган.
Энг кўп ҳомийлик маблағлари Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари аҳолиси учун тўпланган.
Ўтган баҳорда Қозоғистонда сўнгги 80 йилдан ортиқ вақт ичида энг йирик сув тошқини юз берди. Бир қанча ҳудудлар сув остида қолди, минглаб фуқаролар эвакуация қилишга мажбур бўлган. Бугунги кунга қадар 67 мингдан ортиқ киши уйларига қайтган, 3,6 минг аҳоли эвакуация марказларида қолмоқда.
Мамлакатда сув тошқинлари бошланганидан бери жабрланганлар учун ягона уй бўлган 12 минг турар-жой ва 7,3 минг дала уйлари сув остида қолган. Сув босган бинолар ҳолати баҳоланишига кўра, уларнинг 9 мингдан ортиғи таъмирланади, яна 8 мингдан ортиғини тиклаш мумкин эмас. Уларнинг эгалари иккиламчи бозорда 5,7 мингта уй ва квартира сотиб олишни, шунингдек, намунавий лойиҳа бўйича 2,5 мингта уй қуришни режалаштирмоқда, деб хабар қилади ҳукумат матбуот хизмати.
Умуман олганда, уй-жойларни тиклаш учун тахминан 257 миллиард тенге (550 миллион доллар) талаб қилинади, дейилади ҳисоботда.
Апрель ойи бошида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маҳаллий тадбиркорларни сув тошқинидан жабр кўрган фуқароларга ёрдам беришга чақирганди. Уларни (тадбиркорларни) «катта сув» босган ҳудудларга манзилли бириктиришга қарор қилинди. Апрель ойи охирида «бириктирилган» тадбиркорлар Бош вазирнинг масъул ўринбосари Канат Бозумбаев ҳамроҳлигида икки вилоятда бўлиб, бўлажак қайта тиклаш ишлари кўламини шахсан баҳоладилар.