Қозоғистоннинг нефть ва газ компанияларида 2 млн доллар миқдорида ўғирлик содир этилгани аниқланди

West Oil Software корхонасининг иш ташлашга чиққан ходимлари. Vlast.kz сайти фотосурати

Ғарбий Қозоғистондаги Манғистау вилоятида бешта нефть ва газ компанияси текширилмоқда, уларда 1 миллиард тенге (2 миллион доллардан ортиқ) миқдорида ўғирлик содир этилгани аниқланган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

«Аниқланишича, «Ойл транспорт корпорейшн» МЧЖ мансабдор шахслари етказиб берувчидан умумий қиймати 1,5 миллиард тенгедан (3,2 миллион доллар) ортиқ бўлган техник шартларга жавоб бермайдиган автобусларни қабул қилиб олган. Шу билан бирга, уларнинг нархи 400 миллион тенгега (857 минг доллар) ошириб кўрсатилган. Ишламайдиган махсус техника хизматлари учун 110 миллион тенге (235 минг доллар) миқдорида маблағ ўтказиш фактлари аниқланди», — дейилади хабарда.

«Ойл транспорт корпорейшн» МЧЖ — «Казмунагаз» миллий компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади.

West Oil Software (пудратчиси «Ойл транспорт корпорейшн») корхонасида ишга олинмаган шахсларга 400 миллион тенгедан (857 минг доллар) ортиқ тўлов қилингани, шунингдек, компания раҳбариятининг яқин қариндошларига асоссиз равишда маош тўлангани фактлари аниқланган, дея прокуратура қайд этади.

Мазкур ҳолат юзасидан ўзгаларнинг ишониб топширилган мол-мулкини катта миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш моддаси бўйича бешта жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида мазкур ташкилотларнинг тўрт нафар юқори лавозимли ходими қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида West Oil Software компаниясининг 500 га яқин ишчиси иш ташлашга чиққан эди. Акция иштирокчилари «КазМунайГаз» миллий компанияси таркибига қўшилишни, шунингдек ягона иш ҳақи тизими жорий этилишини, моддий-техника базасини янгилашни талаб қилишганди. Каракиянский туман суди иш ташлашни ноқонуний деб топган. West Oil Software компанияси бир неча бор молиявий йўқотишлар ортиб бораётгани ва иш ташлаш акциясига чиққан ходимларни ишдан бўшатишга тайёрлигини эълон қилган.Акция бир неча ой давом этган, шундан сўнг унинг иштирокчиларининг аксарияти ишга қайтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ