Қозоғистоннинг Атирау шаҳри суди Макат тумани собиқ ҳокими Ринат Ибрагимовни собиқ хотинини калтаклаб, соғлиғига ўртача оғирликдаги шикаст етказгани учун икки йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди, деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати. Шунингдек, эркак жабрланувчига товон пули сифатида 2 миллион тенге (4 минг доллардан ортиқ) тўлайди.
Суд қарорига кўра, эр-хотинлар ўртасидаги можаро ўтган йил 31 май куни содир бўлган. Ўзаро жанжал чоғида Ибрагимов турмуш ўртоғи Акмарал Умбеткалиеванинг чап сон қисмига бир неча марта тепиб, умуртқа суягини синдириб юборган.
Жиноят кодексининг 107-моддаси 2-қисми 3-банди — жиноят содир этган шахсга моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан соғлиғига ўртача оғирликдаги шикаст етказиш бўйича иш кўрилгае. Айбланувчининг айби «жабрланувчининг кўрсатмаси, эксперт хулосаси ва бошқа далиллар билан исботланган», дейилади хабарда.
Умбеткалиева ўтган йил баҳорида эълон қилган видеомурожаатида бўлган воқени гапириб берган. Аёлнинг сўзларига кўра, собиқ турмуш ўртоғи 11 йиллик турмуши давомида уни мунтазам равишда калтаклаб келган ва ўтган йилги можародан кейин болаларини ундан тортиб олган. Ибрагимов айбловларни рад этиб, уларни туҳмат деб атаган. Унга нисбатан ички тергов ишлари бошланган ва бир неча кундан кейин у ишдан кетган.
Власть.kz эслатишича, 38 ёшли Ринат Ибрагимов профессионал дзюдочи, Лондондаги Олимпиада ўйинлари иштирокчиси. Ўтган йиллар давомида у Атирау, кейин Атирау вилояти спорт ва жисмоний тарбия бўлимини бошқарган, 2022 йил мартидан эса Макат тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев апрель ойида аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигига оид қонунга киритилган тузатишларни имзолаганидан сўнг, Қозоғистонда сўнгги ойларда оиладаги зўравонлик масаласи кенг муҳокама қилина бошланди. Ушбу ҳужжатда, жумладан, калтаклаш ва соғлиғига енгил зарар етказиш учун жиноий жазо, шунингдек, вояга етмаганларни ҳақорат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.