Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги оилада зўравонлик ҳолатлари 15 фоизга ошганини қайд этди

vesti.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда 2024 йилнинг тўрт ойида 4767 та оилада зўравонлик ҳолати юз бергани қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 632 (15,3 фоиз) ҳолатга кўпдир, деб хабар беради Республика ИИВ матбуот хизмати.

ИИВ маълумотларига кўра, январь-апрель ойларида 4346 та вақтинчалик ҳимоя ордери берилган. 95% ҳолларда тажовузкор эркакларга ордер берилган; Оилавий зўравонлик моддаси бўйича 1 минг 457 та маъмурий баённома тузилган. Уларнинг бир қисми судгача етиб борган: 433 нафар шахс жамоат ишларига жалб қилинган, 691 нафар ҳуқуқбузарлар қўлга олинган.

Оиладаги зўравонлик (қотиллик, баданга оғир шикаст этказиш, қийноқлар, зўрлаш) бўйича 167 та жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистонда БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари республика ҳукуматини чора кўришга чақирганига қарамай, оиладаги зўравонлик ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу тариқа ўтган йили «Фуқаролар иттифоқи» жамоат бирлашмаси хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича мутасаддиларга тавсиялар тайёрлаган.

ℹ️ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йили мамлакатда оиладаги зўравонлик ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга кўп – 13104 та мурожаат қайд этилган. 2022 йили 9880 та қўнғироқ бўлган ва бу фақат рўйхатга олинган ҳолатлардир. Оилада зўрланганлик ҳолати учун ҳақиқий жазога эришиш жуда қийин — аксарият ҳолатларда шахс маъмурий жавобгарликка тортилади, бунда тажовузкор жарима ёки жамоат ишлари билан қутулиб қолиши мумкин.

2023 йили «Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси»да (Women Peace and Security Index, WPS Index) Қирғизистон Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган, республика 177 ўрин ичида 95-ўринни эгаллаган.