Футбол бўйича Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббий Штефан Таркович билан хайрлашди

Қамчибек Ташиев ва Штефан Таркович (ўнгда). ҚФИ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) терма жамоа бош мураббийи, словакиялик мутахассис Штефан Таркович билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Бу ҳақда ҚФИ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Таркович ўзига юкланган барча вазифаларни, жумладан, Қирғизистон терма жамоасини илк бор 2026 йилги жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичига олиб чиққан. Мутахассис билан шартнома шу йилнинг июнь ойи охирида якунига этади.

«ҚФИ раҳбарияти пухта ички маслаҳатлашувлардан сўнг Таркович билан келишув муддати тугаганидан кейин ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. Бош мураббий билан биргаликда унинг бутун мураббийлар штаби терма жамоани тарк этади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Қирғизистон терма жамоасини ким бошқаришига ҳозирча ойдинлик киритилмаган.

Қайд этилишича, 13 июнь куни ҚФИ раҳбари Қамчибек Ташиев Таркович бошчилигидаги мураббийлар штаби азолари билан йиғилиш ўтказган.

«Йиғилишда Иттифоқ раҳбари қабул қилинган қарорни эълон қилди, шунингдек, кутилган натижаларга олиб келган профессионал иш, оқланган умид ва ишонч учун шахсан ўзи ва бутун мамлакат футбол жамоатчилиги номидан самимий миннатдорлик билдирди. Бош мураббий ўз ишига профессионал ёндашув ва масъулият билан ёндашганининг ёрқин мисолларидан бири шахсий қайғусига қарамай (отаси вафот этган – «Фарғона» изоҳи) жамоада қолгани бўлди», — дейилади хабарда.

Штефан Таркович Қирғизистон терма жамоасини 2023 йилнинг май ойидан бошқара бошлади. Унинг қўл остида терма жамоа 2023 йилги Осиё Кубогига йўлланма олди, бироқ у ерда унчалик яхши ўйин кўрсата олмади. Шу билан бирга, Таркович қўл остида терма жамоа тарихда илк бор жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичига чиқишга муваффақ бўлди. Жамоа 2027 йилги Осиё Кубоги йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Қирғизистонга келишидан олдин Штефан Таркович футболчи ва мураббий сифатида деярли Словакиядан ташқарига чиқмаган. Фақатгина БААнинг «Бани Яс» клубига ёрдамчи мураббий сифатида олти ойлик саёҳат бундан мустасно. Таркович бош мураббий сифатида Словакиянинг «Кошице», «Татран» ва «Зилина» клублари, шунингдек, ЕВРО-2020га олиб чиқолган Словакия терма жамоаси билан ишлаган. У 2022 йил июнида Миллатлар лигасида Қозоғистонга мағлуб бўлганидан сўнг терма жамоа бош мураббийлигидан бўшатилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ