Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О'Салливан (David O'Sullivan) Қозоғистонга яна ташриф буюради, дея хабар беради КазТАГ ЕИнинг республикадаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб.
«18 июнь куни Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О'Салливан Қозоғистонга ташриф буюради, унинг давомида Қозоғистон расмийлари билан бир қатор учрашувлар ўтказиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Европа Комиссиясининг собиқ бош котиби ва Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломати Дэвид О'Салливан 2022 йил январида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича элчиси этиб тайинланган. Европа Комиссияси ушбу лавозимни учинчи давлатлар билан Россияга қарши чеклов чоралари бўйича давом этаётган юқори даражадаги музокараларни таъминлаш учун ўрнатган.
О'Салливан бундан олдин Қозоғистонга икки марта махсус элчи сифатида ташриф буюрганди. 2023 йил апрель ойида дипломат республика томонидан Россия Федерациясига нисбатан санкциялар режимини бузганлик ҳолатларини аниқламади. Ўша йилнинг ноябрь ойида у Қозоғистонга Россияга бир қатор товарларнинг реэкспортини қисқартиришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва шу билан бирга «баъзи бошқа товарларнинг реэкспорти кўпайганини» таъкидлаганди.
Дипломатнинг жорий ташрифи олдидан Қозоғистоннинг «КБР-Технологии» компанияси Россияга юқори технологияли ускуналар етказиб беришда иштирок этгани учун АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.
Европа Иттифоқининг Россия Федерациясига қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий этилган ва шундан бери йилига икки марта – январь ва июл ойларида – олти ойга узайтирилади. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида 11 та чекловчи чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзишича, Россияга етказиб берилиши тақиқланган товарлар ушбу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали кириб келмоқда.
Ўтган йил сентябрь ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга ташрифи чоғида Остона Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилаётганини айтганди. Шу билан бирга, 20 октабрь куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги ҳукумат Россияга қарши санкциялар муносабати билан РФга бирон-бир товарни экспорт қилишга тақиқ ўрнатмаганини маълум қилганди. Ўшанда вазирлик Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома қоидаларига тўлиқ мос келишини тушунтирганди.