Россиянинг бир қанча ўлкалари афғонистонлик меҳнат мигрантларига иш таклиф қилган

Афғонистонлик мигрантлар. brecorder.com сайти фотосурати

Россиянинг бир қанча ўлкалари афғонистонлик меҳнат мигрантларига иш ўринларини таклиф қилган. Бу ҳақда толиблар* ҳукуматида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар вазири вазифасини бажарувчи Абдул Умарий маълум қилди, дея хабар беради ТАСС Афғонистон миллий радио ва телевидениесига таянган ҳолда.

Умарийнинг сўзларига кўра, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ) доирасида Россия Меҳнат вазири Антон Котяков ва Доғистон вакиллари билан музокараларда Афғонистон фуқароларини Россияда ишга жойлаштириш масаласи кўтарилган.

«Чеченистон ва Татаристон, шунингдек, [РФ таркибидаги] бошқа республикалар бизга [Афғонистондан келган муҳожирларга] айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида иш билан таъминлаш имкониятларини таклиф қилишди», — дейди Умарий.

Шу билан бирга, Давлат Думасининг МДҲ, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Виктор Водолацкий федерал қонунга ўзгартиришлар қабул қилинмагунча Афғонистондан мигрантларни ишга жалб қилишни кечиктириш керак, деб ҳисоблайди.

«Афғонистонлик меҳнат муҳожирларини қабул қилиш бўйича қарор қабул қиладиган расмийларимизга, аввало, чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши тўғрисидаги Федерал қонунга ўзгартиришлар киритилишини кутишни маслаҳат берган бўлардим. Россияликларни ташвишга солаётган барча масалалар у ерда аниқ шакллантирилади», — деди Водолацкий.

Аввалроқ толиблар ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Кобул Москва билан ижобий муносабатларни ривожлантириш ниятида эканини айтган эди. Россия расмийлари ҳам толиблар билан ҳамкорлик қилиш тарафдори. Жумладан, Россия президенти Владимир Путин «толиблар Афғонистонда амалдаги ҳукуматни бошқараётгани боис, улар билан алоқаларни йўлга қўйиш зарур», деганди.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг бир қатор ўлкаларида ЕОИИ давлатларидан ташқаридаги меҳнат мигрантларининг йўловчи ва юк ташиш, қурилиш, савдо ва бошқа соҳаларда ишлашини тақиқлайдиган рўйхат кенгайтирилмоқда.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»*ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга қўшган. Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти уларни тан олиши учун ҳаракат қилишади. 2021 йил октабр ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини, бироқ бу билан биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шуғулланиши кераклигини айтганди.

Ўшанда Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Қабулов толибларни Россия ҳукумати томонидан тан олиниши «де-факто содир бўлаётганини» айтганди. Тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришмоқда. Шу билан бирга, буларнинг барчаси Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг фуқароларни толибларни қўллаб-қувватлаётганлик учун жиноий жавобгарликка тортишига моънелик қилмайди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?