Қозоғистон расмийлари маҳаллий машҳур блогерларнинг даромадлари ва харажатларини текшириб, уларнинг 162 нафарида умумий қиймати 1 миллиард тенгедан (2 миллион доллардан ортиқ) ортиқ тафовут борлигини аниқладилар. Бу ҳақда Молия вазири Мади Такиев «АФМ Online 2024» мунозара платформасида маълум қилди.
«Молия вазирлигида деярли блогерлар рўйхатга олинади. Бугун биз 745 та блогердан иборат рўйхатни туздик – буларнинг барчаси Instagram, TikTok ва ҳоказоларда 20 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган кимсалардир. Уларнинг даромадлари харажатлари билан солиштирилди. 162 нафар шахсда [22%] 1,1 миллиард тенге (2,4 миллион доллар) миқдоридаги тафовут аниқланди. Шунинг учун барчамиз шу йўналишда ишлашимиз керак», — деди Такиев.
Вазир сўзга чиққан тадбир Молиявий мониторинг агентлиги томонидан ташкил этилди. Унда жами 10 миллион кишилик аудиторияга эга блогерлар иштирок этди. Уларнинг даромадлари тўғрисида ҳисобот беришлари ва солиқ тўлашлари учун 2023 йил 10 июлида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев «Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида»ги қонунни имзолади ва унга кўра блогерлар жорий йилнинг март ойидан бошлаб ўз рекламаларини белгилаб ўтишлари лозим.
ORDA.kz нашри Такиевнинг баёноти муносабати билан 300 миллион тенгега (600 минг доллар) уй ва 80 миллионга (180 минг доллар) машина сотиб олганини мақтаб, судга катта миқдорда алимент тўламаслик учун 70 минг тенге (156 АҚШ доллари) миқдорида маош олиши борасида гувоҳнома берган миллионер блогер Дархан Жолшибековни эслатди.
Эслатиб ўтамиз, қўшни Россияда ўтган йилдан бошлаб солиқ идоралари ижтимоий тармоқларда сезиларли миқдорда обуначиларга эга блогерлар устидан кенг кўламли текширувлар ўтказмоқда. Текширув натижасида хавфсизлик кучлари бир қатор блогерлар, жумладан, Валерия Чекалина ва Елена Блиновскаяга нисбатан иш очган. Иккинчиси ҳозирда тергов ҳибсхонасида. 2023 йил апрель ойида у 2019 ва 2021 йиллар оралиғида солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва пул ювишда айбланган. Аввалига бу тахминан 918 миллион рубль (10 миллион доллар) бўлган, аммо кейинроқ даъволар деярли 1,5 миллиардга (17 миллион доллар) ошган. Валерия Чекалинага қарши иш 500 миллион рубль (5,6 миллион доллар) миқдорида солиқ қарзлари тўланганидан кейин ёпилган.