Афғонистондаги Қўштепа каналидан олинадиган йиллик даромад ўртача 500 млн долларга баҳоланган

Қўштепа каналининг қурилиши. tolonews.com сайти фотосурати

Қўштепа каналининг ишга туширилиши Афғонистонга ҳар йили ўртача 500 миллион доллар даромад келтиради. Бу ҳақда сув ресурсларини бошқариш бўйича афғон эксперти Нажибулла Садид Tolonewsга берган изоҳида маълум қилади.

«Қўштепа ва унинг барча ёрдамчи каналлари қуриб битказилгач, Афғонистонга йилига 470-550 миллион доллар даромад келтириши мумкин», — дейди Садид.

Нашр экспертларининг фикрича, ушбу канал қурилиши тугалланиши билан Афғонистон буғдой етиштириш бўйича ўзини-ўзи таъминлашга эришади, мамлакат иқтисодиётида эса сезиларли ютуқларга эришилади.

Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси Қўштепа каналининг сув деворлари иншооти қурилиши 50 фоизга, иккинчи босқичда ер қазиш ишлари 30 фоизга ошгани ҳақида хабар беради. Йил охиригача Фарёб вилоятининг Андхой туманига етиб бориши кутилаётган каналнинг иккинчи босқичи учун қазиш ишлари 20 миллиард афғон (283 миллион доллардан ортиқ)га баҳоланмоқда.

ℹ️ Қўштепа канали 2022 йил март ойидан буён қурилмоқда. Афғонистонда буғдой ва кунгабоқар етиштириш учун мамлакат шимолидаги 555 минг гектар бўз ерларни суғориш зарурлиги айтилади.

Канал Балх вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилояти орқали Фарёб вилоятининг Андхой туманига ўтади. Унинг узунлиги 285 км, кенглиги 100 м бўлади.

Ўзбекистон ҳукумати каналнинг республика қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан бир неча бор хавотир билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, Қўштепа ҳам Амударёдан сувни буриш орқали Орол ҳалокатини янада кучайтиради.

«Чегара билмас дарёлар» (Rivers without Boundaries) халқаро экологик коалицияси каналнинг фойдаланишга топширилиши Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминотига зарба бўлишидан огоҳлантирган. Қурилиш тугагандан сўнг Қўштепа Афғонистондаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун Амударё сув оқимининг қарийб 20 фоизини тортиб олиши мумкин ва Амударёнинг ёзги сув тақчиллигига Тожикистоннинг дарё юқори оқимида қурилаётган Роғун ГЭСи ҳам таъсир кўрсатади.

2023 йил сентябрь ойида Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонни сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилган эди. Бунга жавобан толиблар* ҳукуматидаги Сув хўжалиги ва энергетика вазирлиги раҳбари Абдул-Латиф Мансурнинг айтишича, ҳозирги афғон ҳукумати Амударёдан сувни олиш бўйича ҳеч қандай келишувлар билан чекланмаган.

Ўша йил октябрь ойи ўрталарида толиблар каналнинг биринчи қисми қуриб битказилгани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилганди. Улар минтақа давлатларидан, хусусан, Ўзбекистондан канал ҳақида қайғурмасликни сўрашган ва муаммоларни «дипломатик каналлар орқали» ҳал қилишга тайёр эканликларини билдиришган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ