Литва суди Тожикистонда фаолияти тақиқланган «Гуруҳ-24» ҳаракатининг собиқ аъзоси Сулаймон Давлатовни ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда «Бомдод» хабар берди.
Давлатовнинг сўзларига кўра, уни озод этиш тўғрисида қарор Вильнюс суди томонидан 3 июьн куни чиқарилган.
«Менинг депортация қилинган мигрантлар ҳибсхонасидаги икки ойлик муддатим якунланар экан, Литва миграция департаменти судга мурожаат қилиб, ҳибс муддатини яна уч ойга узайтирилишини сўради. Аммо судя бу илтимосни қўллаб-қувватламади ва менинг шахсий уйим борлиги, бундан ташқари, хотиним ҳомиладор ва учта кичкина фарзандимиз ғамхўрликка муҳтож эканини ҳисобга олиб, қамоқда ўтирганимдан кўра, озод бўлганимни маъқул деб топди», — дейди Давлатов нашрга.
Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган фаол 2016 йили уни қочқин мақомидан маҳрум қилган қарорни бекор қилишга интилмоқчи.
ℹ️ Тожикистоннинг Вахдат шаҳрида туғилган 38 ёшли Сулаймон Давлатов 2015 йилдан бери оиласи билан Литвада истиқомат қилади. Бу йил тожикистонликлар учун Ислом Уйғониш партиясининг (ТИУП) террорчи сифатида тан олингани ва тақиқлангани, шунингдек, «Гуруҳ-24» раҳбари Умарали Қувватовнинг ўлдирилиши билан эсда қоладиган йил бўлди.
Давлатов Вильнюсда яшайди, ўз бизнеси – ресторан, дўкон ва новвойхонасига эга. У шу йилнинг 5 апрелида ҳибсга олинган, 22 апрель куни эса расмийлар унга қочқинлик мақоми бекор қилингани ва депортация тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар беришган. Давлатов Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларида қатнашиш, Россияда яшовчи отаси ва укалари билан алоқаларни сақлаб қолишда айбланмоқда. Литва хавфсизлик идораларининг фикрича, Давлатов Тожикистонда ҳеч қандай хавф остида бўлмайди, чунки у 2017 йилдан бери тақиқланган «Гуруҳ-24» ҳаракати аъзоси эмас.
Давлатов қочқин мақоми бекор қилиниши ҳақидаги қарор устидан шикоят қилиб, унинг Литва разведка хизмати томонидан таъқиб қилинаётганини «хато, тушунмовчилик ёки уйдирма кўрсатма маҳсули» деб билади. Бундан ташқари, у «Гуруҳ-24» га аъзолигини тўхтатган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳукумати ва унинг мухолифларини фаол танқид қилишда давом этган.
ℹ️ Шу йил февраль ойида Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) трансмиллий репрессиялар — репрессив ҳукуматлар томонидан хориждаги танқидчиларнинг таъқиб қилинаётгани ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди, унда Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ 24» ҳаракатининг чет элга қочиб кетган аъзолари терроризм ёки бошқа жиноятларда айбланиб, Тожикистонга экстрадиция қилинишини талаб қилаётган тожик расмийлари учун нишонга айлангани борасида сўз юритилади. Апрель ойида HRW Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияни тожик диссидентларини ўз ватанига қайтармасликка чақирди. Зеро, ташкилот фикрича, уларни ўз юртида қийноқлар кутмоқда.