Қозоғистон 3,8 миллиард долларлик ноқонуний активларни давлат мулкига қайтарди

aif.ru сайти фотосурати

2022 йилдан бери Қозоғистон ҳукумати ноқонуний йўллар билан сотиб олинган умумий қиймати қарийб 1,7 триллион тенге (3,8 миллиард долларга яқин) бўлган активларни давлат мулкига қайтарди, деб хабар беради республика Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Хориждан 750 миллион доллардан ортиқ маблағ қайтарилган. Олинган барча маблағлар муҳим ижтимоий ва иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади.

Бундан ташқари, мамлакат ва хориждаги 50 миллиард тенгедан (111 миллион доллар) ортиқ маблағ давлат ҳисобига ўтказилган. Булар қаторига қатор стратегик конлар, монополист компаниялар, ўн минглаб гектар ер майдонлари, ишлаб чиқариш объектлари, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, виллалар, квартиралар, қимматбаҳо автомобиллар, заргарлик буюмлари ва бошқа кўп нарсалар киради.

«Бугунги кунда Бош прокуратура Қозоғистондаги 1 мингдан ортиқ ва хориждаги 150 дан ортиқ мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилмоқда. Таҳлил 600 миллиард тенге (1,3 миллиард доллар) қийматидаги қимматли қоғозларни ҳам қамраб олган. Мамлакатда 200 дан ортиқ ва хорижда 140 дан ортиқ банк ҳисоб рақамлари аниқланган. Тахминан 2 триллион тенге (4,4 миллиард доллар) қийматидаги шубҳали транзакциялар текширилмоқда», — дейилади хабарда.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўтган йил 12 июлида «Ноқонуний йўл билан ўзлаштирилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди.

Ноқонуний капиталларни қидириш Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Унинг эътиборини жалб қилиш учун фуқаронинг умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ активлари бўлиши керак, бу мезонларга тўғри келадиган шахслар реестрга киритилган ва маблағларнинг келиб чиқиши тўғрисида ҳисобот беришлари шарт. Агар буни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, активлар асоссиз равишда сотиб олинган деб тан олинади ва давлат даромадига айлантирилади. Улар ғазнага ихтиёрий равишда ёки суд қарори билан мажбуран қайтарилиши мумкин.

Қонун субъектларининг реестри ошкор этилмаган. Бош прокуратуранинг активларни қайтариш ҳақидаги хабарларида улар тегишли бўлган шахсларнинг исмларини ҳам келтирилмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ