20 майдан бошлаб Ашхободда тунги вақтда фаолият юритувчи ва республика президенти Сердар Бердимуҳамедов қариндошларига тегишли бўлмаган кафе, ресторан, караоке-клублар ва бошқа кўнгилочар муассасаларда мунтазам рейдлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Turkmen.news хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Туркманистонда кўнгилочар муассасаларнинг соат 23:00 дан кейин ишлаши тақиқланган. Бироқ, караоке-бар ва дискотекалар эгалари маҳаллий полиция ходимларига ҳафтасига 10-15 минг манат (500-750 доллар) миқдорида пора бериш орқали чекловларни четлаб ўтишган. Қабул қилувчилар маблағнинг катта қисмини ўз бошлиқларига берадилар. Шу билан бирга, туман ИИБ ходимларининг вазифаларига бар ва дискотекалар эгаларини бўлажак текширувдан огоҳлантириш киритилган. Бу вақт ичида муассасадаги ҳаёт тўхтатилади — мусиқа ва чироқлар ўчирилади, ташқаридан муассаса ёпиқдек туюлиши учун эшиклар ёпилади. Бироқ, полиция текшируви якунланганидан сўнг, тунги ҳаёт қайта жонланади.
Жорий йил 20 майидан кейин вазият ўзгарган. Текширувчилар ҳар кеча маҳаллий полиция ходимларини огоҳлантирмасдан кела бошлашган. Муассаса раҳбарлари 600 манат (30 доллар) миқдорида жаримага тортилади ва меҳмонларни тарқатиб юборишга мажбурланади. Ва агар муассаса спиртли ичимликларни сотиш учун лицензияга эга бўлмаса (уларнинг деярли барчасида йўқ), унда жаримага яна 1000 манат (50 доллар) қўшилади ва барча спиртли ичимликлар мусодара қилинади.
Нашр таъкидлашича, муассаса эгалари учун тунги вақтда ишлаш фойдали, чунки улар озиқ-овқат ва ичимликлар нархини икки баравар ошириши мумкин ва буни одамларга пора бериш зарурати билан изоҳлайдилар. Мижозлар — кўпинча маҳаллий одамлар – буни тушунишган. Энди соат 23:00 дан кейин ишлаш тақиқлангани ва бадавлат мижозлар айнан тунда дам олишни хоҳлашлари сабаб, муассасалар ёпилишга мажбур. Пойтахтда машҳур «Мукам», «Метро» ва «Хошал», «Бруклин» ва «Ангар» ресто-клублари, «Diamond Pub» ва «Zip.90» (Zip-ертўла номи билан машҳур), «Техас» караоке-клуби ва бошқа муассасалар ёпилган. Уларнинг эгалари даромадсиз қолишган, ходимлари уйларига жўнатилган.
Шу билан бирга, рейдлар президент Сердар Бердимуҳамедов қариндошларига қарашли муассасалар тармоғига қарши ўтказилмайди.
Масалан, «Копетдаг» ресторани ва тунги клуби, шунингдек, унинг шўъба корхонаси «Копетдаг пицца», «Ашхобод» дам олиш маркази, «Чатма» ва «Магат» ресторанлари деярли кечаю-кундуз ишламоқда. Уларнинг барчаси Туркманистон президентининг амакиваччаси Шихмурат Шаҳарлиевнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлиб, у айни пайтда мамлакатдаги ягона уяли алоқа оператори «Олтин Асир» бош директори ҳисобланади.
Бу ерда президентнинг яна бир амакиваччаси Гуга лақабли Ибабекир Бекдурдиевнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган «Мандарин» ресторани ва «Шоколад клуби» ишлайди. Гуга 2022 йили ўлимга олиб келган пичоқбозликдан сўнг иккита ресторанидан айрилган.
2023 йил декабрь ойида Ашхободда янги очилган «Ша-Аббас» ресторани ҳам рейддан қўрқмайди. Унинг махфий эгаси президентнинг амакиси Анназар Режепов, юқорида тилга олинган ресторанчи Шаҳарлиевнинг қайнотаси ҳисобланади.
Turkmen.newsнинг ресторан бизнесида бир-биридан мустақил бўлган бир қанча манбалари Ашхободдаги тунги дам олиш масканларига рейдлар ўтказишга президент ва унинг ота қариндошлари буйруқ бераётганига ишонишади.
«Шаҳарда «танкаси» бўлган ресторан ва клублар кўпайганида, «Оила»га қарашли муассасалар мижозлардан қуруқ қолишаётганини ҳис қилишди. Ашхобод элитаси хилма-хилликни яхши кўради: улар бир жойда бир-икки соат ўтиришади, сўнг бошқасига кетишади ва эрталабгача бу аҳвол такрорланади. Президент қариндошлари учун бу даромаднинг камайишини билдиради», — дея нашр ўз манбаларидан бирининг сўзларини келтиради.