Бишкекнинг Ленинский туман суди Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевнинг мамлакат парламенти депутати Жусупбек Коргонбай уулуни расмий 10 минг сўм (114 доллар) тўлашга мажбурлаш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди. Бу ҳақда адвокат Кайсин Абакировга асосланиб 24.kg хабар берди.
Адвокатга кўра, Бейшеналиев ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, маънавий зарарни ундириш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Вазирни Жогорку Кенеш (парламент) вакилининг уюшган жиноятчиликка алоқадорлиги ва рўйхатга олинмаган тиббий операциялар ўтказгани ҳақидаги баёнотлари ғазаблантирган.
Суд ишни кўриб чиқиб, Коргонбай уулуни нафақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарига маънавий зарар сифатида 10 минг сўм тўлаш, балки Бейшеналиев ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотни рад этишни ҳам тайинлаган.
Депутатнинг суд қарорига қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум.
Шу йилнинг март ойида Коргонбай уулу вазирлик раҳбарини қаттиқ танқид қилган эди.
«Қирғизистон ривожланиш босқичида турган бир пайтда, маълум бўлишича, орамизда хоинлар ҳам бор экан. Улар орасида Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев бор. У лавозимга киришиши биланоқ президент ишончини қозониб, унинг номини сотиб, соғлиқни сақлаш тизимини вайрон қилмоқда», — деган депутат.
Унинг сўзларига кўра, Бейшеналиев «Америка пули эвазига» уйида ва бошқа жойларда яширинча операциялар ўтказиб, юқори лавозимга тайинлаш учун 20 минг доллардан 50 минг долларгача пора олган. Бундан ташқари, парламент вакили амалдорни коррупция ва бюджет маблағларини ўғирлашда айблаган.
Бейшеналиев, ўз навбатида, депутатнинг сўзлари вазирлик ўриндиғига эга бўлолмай, ранжиганидан келиб чиқишини айтган.
ℹ️ Алимқодир Бейшеналиев икки марта Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган. У биринчи марта 2020 йил октабрь ойида лавозимни эгаллаган. Тез орада у COVID-19 ни иссиқкўлнинг заҳарли илдизи аконит дамламаси билан даволаш таклифи билан машҳур бўлганди.
2022 йил июнь ойида Бейшеналиевга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари, жумладан, коррупция ва порахўрлик бўйича еттита жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинган. Амалдор лавозимидан четлаштилиб, тергов изоляторига жойлаштирилган, бироқ икки ҳафтадан сўнг у уй қамоғига ўтказилган.
2022 йил август ойида давлат хизматчисининг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли жиноят иши тўхтатилади, бироқ ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўз лавозимини йўқотганди. 2023 йил сентябрида Бейшеналиев яна вазирликкка раҳбар этиб тайинланди.