Футбол бўйича Россия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Александр Кержаков Олмаотанинг «Қайрат» клубига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати ўзининг расмий Тelegram-каналида хабар берди.
Кержаков шу йилнинг апрель ойи охирида «Қайсар»дан ютқазгандан сўнг (0:1) истеъфога чиқарилган «Қайрат» бош мураббийи Кирилл Кекер ўрнини эгаллади. 41 ёшли россиялик мутахассис билан имзоланган шартнома тафсилотлари ошкор қилинмаган.
Чемпионатнинг 9-туридан сўнг «Қайрат» 15 очко билан учинчи ўринда бормоқда, фақат қўшимча кўрсаткичлар бўйича «Актобе» ва «Элимай»дан ортда қолган, бироқ битта кўп ўйинга эга.
Қайд этиш лозим, бу йил «Қайрат» клубининг 70 йиллигини нишонланади. Жамоа бош мураббийи олдида эса Қозоғистон чемпиони бўлиш вазифаси турибди.
«Фарғона» маълумотига кўра, жорий йил март ойида Кержаков номзоди Душанбенинг «Истиқлол» клуби бош мураббийи лавозимига кўриб чиқилган.
Александр Кержаков Санкт-Петербург футболида тарбия топган. Футболчи сифатида у Санкт-Петербургнинг «Зенит», Москванинг «Динамо», Испаниянинг «Севиля» ва Швейцариянинг «Цюрих» клубларида ўйнаган. У Россия чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири (139 та гол) ҳисобланади. Россия терма жамоасининг энг яхши тўпурари унвонини Артем Дзюба билан баҳам кўради — ҳар бирида 30 тадан гол.
Кержаков мураббий сифатида Россиянинг «Томью», «Нижний Новгород» ўсмирлар жамоаларида ишлаган. Россия ҳукумати Украина ҳудудида МҲОни бошлаганидан сўнг, Александр Кержаков чет элга жўнаб кетган ва у ерда дастлаб Кипрнинг «Кармиотисса» клубини, сўнгра Сербиянинг «Суботица» клубини бошқарган.