Олмаота полиция департаменти бошлиғининг собиқ ўринбосари қийноқлар қўллагани учун ҳибсга олинди

Викрам Рузахунов. 24.kg сайти фотосурати

Олмаота полиция департаменти бошлиғининг собиқ ўринбосари Берик Абилбеков Қозоғистонда 2022 йил январь воқеалари чоғида қийноқлар қўллангани учун ҳибсга олинган. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси хабар берди.

Назорат маҳкамасининг аниқлик киритишича, гап Олмаота вилояти, Қорасай тумани, Қўшмамбет қишлоғидаги махсус тергов изоляторида маҳбусларнинг қийноқларга солингани ҳақида кетмоқда. Прокуратура терговнинг бошқа тафсилотларини ошкор қилмаган.

Айни пайтда ORDA.kz нашрининг ёзишича, Абилбековнинг ҳибсга олиниши январь воқеалари чоғида ҳибсга олинган ва калтакланган қирғизистонлик жазмен Викрам Рузахуновнинг қийноқларга солинганига доир иш билан боғлиқ. Бу ҳақда мусиқачининг адвокати Рена Керимова нашрга маълум қилган.

Vlast.kz нашри, шунингдек, собиқ полиция бошлиғи Рузахунов иши бўйича қўлга олингани ҳақида ёзган. Бу ишда жазмендан ташқари, Қўшмамбет қишлоғидаги махсус ҳибсхонада қийноқлардан омон қолган яна 22 нафар жабрланувчи ҳам бор. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида аввалроқ «Республика» нашри хабар берганди.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари доирасида 4 нафар полициячи қўлга олинган. Рузахуновнинг сўзларига кўра, улардан бири қийноқ ва зўравонлик фактини тан олган. «Бош прокуратура бизни ишни мантиқий якунига етказишига ишонтирди ва биринчи тўрт нафар жиноятчининг формада қўлга олиниши бу ишнинг бошланишидир», — деб ёзади мусиқачи ижтимоий тармоқларда.

Викрам Рузахунов билан содир бўлган воқеа унинг ҳибс ва қийноқлардан сўнг полиция Олмаотадаги норозилик намойишларида қатнашиш учун атайин учиб келганини камерада «тан олишга» мажбурлаганидан сўнг катта шов-шувга сабаб бўлганди. Вазиятга Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва мамлакат президенти Садир Жапаров аралашгач, мусиқачи қўйиб юборилган ва у Бишкекка қайтиб келган. 2022 йил 10 февралда жазмен Қозоғистон хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солингани ва ўлимдан зўрға қутулиб қолгани ҳақида хабар берган. Бир неча кундан кейин Рузахуновнинг қийноқларга солингани юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, кейинчалик тўхтатилган.

Рузахунов, шунингдек, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Қозоғистон телеканалига нисбатан қийноқлар остида айбини бўйнига олганига доир тарқатилган видеоёзув ҳақиқатга тўғри келмаслигини, уни рад этишни ва расман кечирим сўрашни талаб қилиб, фуқаролик даъвосини киритган. Бироқ, Остона суди бу даъвони қондиришдан бош тортган.

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар оширилгани фонида норозилик намойишлари бошланганди ва бу оммавий тартибсизликларга айланиб кетганди. Шундан сўнг президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашади, 19 январда мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинади. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 кишининг исми-шарифи кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ