«Росатом» шу йил ёзида Ўзбекистонда кичик АЭС қурилишини бошлашга тайёрлигини маълум қилди

Атом станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланиши. «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон билан кам қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича шартнома имзолаган «Росатом» давлат корпорацияси жорий йилнинг ёзида республикада объект қурилишини бошлашга тайёр. Бу ҳақда Россия компанияси бош директори Алексей Лихачёв айтиб ўтди, деб хабар беради «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.

Лихачёвнинг таъкидлашича, бу давлат корпорацияси тарихидаги кам қувватли атом станциясини қуриш бўйича биринчи экспорт шартномасидир.

«Бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз шу ёзда дарҳол қурилишни бошлаймиз», — деди «Росатом» раҳбари.

Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳужжат «Атомстройэкспорт» АЖнинг «Росатом» инжиниринг бўлими ва «Ўзатом» агентлиги ҳузуридаги «АЭС қурилиши дирексияси» ДУК томонидан имзоланган.

Лойиҳа Жиззах вилоятида қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт бўлган олтита реактор) кам қувватли атом станциясини (КҚАС) қуришни назарда тутади.

Объектнинг бош пудратчиси «Росатом» компанияси бўлади, аммо қурилишда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этиши мумкин.

Россия давлат корпорациясининг аниқлик киритишича, янги станция қурилиши лойиҳаси Россиянинг сўнгги ишланмаси — РИТМ-200Н босимли сув реакторига асосланган. 2012 йилдан бери «Арктика», «Сибирь», «Урал», «Якутия» ва «Чукотка» универсал ядровий музёрар кемалари учун 10 та РИТМ-200Н реакторлари ишлаб чиқарилган. Дастлабки учтаси фойдаланишга топширилган.

Кам қувватли атом электр станциялари бир қатор афзалликларга эга, масалан, ихчамлиги туфайли йирик атом электр станцияларига нисбатан қурилиш муддати қисқароқ. Бугунги кунда бундай иншоотлар глобал атом энергетикасини янада ривожлантириш тренди ҳисобланади, дея ишонтиради «Росатом».

МАГАТЭ маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ривожланишнинг турли босқичларида тахминан 50 га яқин КҚАС лойиҳаси ва концепцияси мавжуд.

ℹ️ Кичик АЭСни лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартнома 27 май куни Тошкентда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида имзоланган эди. Шу муносабат билан томонлар 2018 йил 7 сентябрда тасдиқланган икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомани имзоладилар.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси Навоий вилоятида ВВEР-1200 типидаги реакторларга эга иккита энергоблок қуришни назарда тутади. Бўлажак электр станциясининг модели мавжуд Нововоронеж АЭС-2 моделига мувофиқ ишлаб чиқилган. 2018 йил октабрь ойида Путин Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан биргаликда лойиҳага старт берганди. Унинг қиймати қарийб 11 миллиард долларга баҳоланган, биринчи энергия блокини ишга тушириш 2028 йилга мўлжалланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ