Россия ва Ўзбекистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 30 млрд долларга етказишга келишиб олди

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россия ва Ўзбекистон келгуси йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини уч баробарга ошириш ва жорий йил охиригача уни 30 миллиард долларга, инвестициялар ҳажмини эса 10 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин раислигида 27 май куни Тошкентда бўлиб ўтган икки давлат Ҳудудлар кенгашининг биринчи мажлисида мана шундай улкан режалар эълон қилинди.

Марказий Осиё республикаси раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, олти йилдан буён Ўзбекистон ва РФ ўртасида минтақалараро ҳамкорлик форуми ўтказиб келинмоқда. Бироқ, ўзаро инвестициялар ва қўшма лойиҳаларнинг ўсиш динамикаси ҳамкорлик форматини ўзгартиришга, тадбир мақомини оширишга мажбур қилмоқда. Икки давлат президентлари иштирокида Ҳудудлар кенгашини ўтказиш ғояси мана шундай пайдо бўлган.

Мажлисда Мирзиёев Россия Федерациясининг 30 га яқин ҳудуди раҳбарлари, 300 га яқин етакчи саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари Тошкентга келганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари эришилган қатор ютуқларга алоҳида тўхталиб, келгусидаги ҳамкорликни, жумладан, минтақавий миқёсдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган режаларни санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 200 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошган, бу эса юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳисобига етказиб бериш таркибини сифат жиҳатидан яхшилаш имконини берган.

Мирзиёев бу борадаги ҳамкорлик доирасида тез орада Ўзбекистоннинг Россияда тўлақонли савдо ваколатхонаси очилишини айтди.

Давлат раҳбари сармоявий ва технологик ҳамкорликни юқори баҳолаб, Россия Федерациясининг уч мингдан ортиқ компанияси мамлакатнинг қишлоқ хўжалигидан тортиб энергетикагача бўлган турли соҳаларида муваффақиятли фаолият юритаётганини таъкидлади. Тошкент вилоятидаги Татаристон билан ҳамкорликда ишга туширилган «Химград» саноат зонаси ҳам кенгаймоқда.

«Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 45 миллиард доллардан ошган. Бугунги саммит доирасида кооперациянинг янги лойиҳалари бўйича 20 миллиард долларлик келишувларга эришилди, шундан чорак қисми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади», — деди Мирзиёев.

Шунингдек, у туризм ва маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирди. Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга келаётган россияликлар сони йил сайин ортиб бормоқда, мамлакатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилган. Ҳозирда республикада Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш бўйича келишув мавжуд.

Президент Путин, ўз навбатида, Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришдаги ижобий тенденцияларни қайд этди. У ишбилармонлик алоқаларини, жумладан, минтақавий миқёсда ҳам мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан РФ раҳбари ишбилармонларни қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда фаолроқ иштирок этишга чақирди.

Муайян лойиҳалар ҳақида гапираркан, Путин электрон тижоратни тилга олди. Унинг сўзларига кўра, 2023 йили ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Россия бозоридаги Wildberries савдоси ҳажми 93 фоизга ошган ва 418 миллион долларни ташкил этган. Бундан ташқари, Путин яқин орада Ўзбекистондан етказиб берувчилар яна бир йирик онлайн платформага киришлари мумкинлигини ваъда қилди — Ozon.

Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгаши якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорликка оид салмоқли ҳужжатлар тўплами ва савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда шерикликни ривожлантириш бўйича келишувларни имзоладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ