Қирғизистон Омбудсмани жамиятни шартли равишда озод этилган жиноятчилардан ҳимоя қилишга чақирди

Жамила Жаманбаева. Акипресс сайти фотосурати

Қирғизистон Акыйкатчы (омбудсман)си Жамила Жаманбаева давлат идораларини жамиятни пробация назорати остида озод этилган жиноятчилардан ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирди. Бу ҳақда республика Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг матбуот хизмати хабар берди.

Бунга Талас вилоятида икки нафар ёш боласи билан бирга аёлнинг ўлдирилиши, шартли равишда озодликка чиққан эркак томонидан содир этилгани сабаб бўлган.

«Жиноятчи шартли назоратга олингандан сўнг зўравонлик қурбонлари олдига келиб, шафқатсиз жиноятлар содир этаётгани биринчи марта эмас», — дейди Жамила Жаманбаева.

Акыйкатчы суд тизими ва Адлия вазирлигидан оғир жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган жиноятчиларга нисбатан пробацияни қўллаш амалиётига эътибор қаратишни талаб қилди: масала синчиклаб ўрганиш ва қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

«Бегуноҳ болалар ва уларнинг оналарининг ўлдирилиши оғир жиноятдир. Ҳукумат органлари аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўриши керак, чунки уларга нисбатан зўравонлик кучаймоқда», — таъкидлади Жаманбаева.

ℹ️ Талас вилоятида уч карра қотиллик юз бергани 24 май куни маълум бўлди. ИИВ маълумотларига кўра, жиноятда гумон қилинган шахс 2018 йили ўз укасини ўлдиришга урингани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. 2023 йил март ойида у пробация назорати остида озод қилинган. Орадан бир йил ўтиб, қасос олиш учун акасининг уйига келган. «Аммо акаси у ерда бўлмаган, кейин унинг хотини ва болаларини шавқатсизларча ўлдирган, сўнгра тоққа қараб кетган», — дейилади ИИВ хабарида.

Гумонланувчи қўлга олиш вақтида ўлдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ