Остона суди Қозоғистоннинг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевни ўз турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айблаб, 24 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.
Собиқ амалдор ўта шафқатсизлик билан қотиллик (Қозоғистон Жиноят кодекси 99-моддаси 2-қисми 5-банди) содир этганлик ва қийноқлар қўллаганликда (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодекси 110-моддаси 2-қисми 1-банди) айбдор деб топилган. Бишимбаев жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.
Судя Айжан Кулбаеванинг аниқлик киритишича, жазо миқдори масаласи ҳакамлар ҳайъати ва судя томонидан очиқ овоз бериш орқали ҳал қилинган. Ҳакамлар ҳайъати суд муҳокамасида ўрганилган жиноят иши бўйича гувоҳларнинг кўрсатмалари, аудио-видео материаллар, эксперт хулосалари ва бошқа материалларни инобатга олган.
Собиқ вазирдан ташқари судлов маҳкамасида унинг амакиваччаси Бахитжан Байжанов ҳам бўлган. У жиноятни яширгани учун (Жиноят кодексининг 432-моддаси) тўрт йилга ўртача тартибли колонияга ҳукм қилинган.
Маҳкумлар Қуандиқ Бишимбаев ва Бахитжан Байжанов 15 кун ичида суд ҳукми устидан шикоят қилишлари мумкин.
ℹ️ 9 ноябрь куни Қозоғистон ОАВлари Бишимбаевнинг турмуш ўртоғи калтакланиш оқибатида вафот этгани муносабати билан ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Полиция маълумотларига кўра, Остонадаги ресторанлардан бирида ташрифчилар ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада аёл олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов қотиллик моддаси бўйича олиб борилган.
Журналистларнинг маълум қилишича, воқеа пойтахтдаги Гастро-марказда жойлашган Bau ресторанида содир бўлган.
43 ёшли Қуандиқ Бишимбаев турли вақтларда президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, «Самрук-Казина» фонди раиси ўринбосари, «Байтерек» холдинги бошқаруви раиси бўлган. 2016 йил майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йил январь ойида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик унинг жазо муддати ярмидан кўпроққа қисқартирилган ва амалдор 2019 йил октябрь ойида озодликка чиққан.
Марҳум Салтанат Нукенова Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлган. Улар собиқ вазир озодликка чиққанидан кейин шаръий никоҳдан ўтишган. Нукенованинг қариндошлари эркак хотинини бир неча марта калтаклаганини айтишган.
Бишимбаев иши бўйича суд жараёнида Қозоғистонда оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун қабул қилинди. Унда калтаклаш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган, шунингдек, қасддан баданга ўртача ва оғир шикаст етказганлик учун жазолар кучайтирилган.