Хотинини калтаклаганликда айбланаётган қозоғистонлик дипломатга нисбатан жиноий иш очилди

Хотинини калтаклаганликда айбланаётган қозоғистонлик дипломатга нисбатан жиноий иш очилди

Остона полицияси қозоғистонлик дипломат Сакен Мамашга нисбатан жиноий иш қўзғатди, унинг рафиқаси эрининг мунтазам равишда калтаклаб келганини айтган, деб ёзади Informburo.kz.

«Ушбу факт бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мазкур ҳолат юзасидан экспертиза тайинланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бошқа маълумотлар тергов манфаати учун ошкор қилинмайди», — дейилади полиция хабарида.

Сакен Мамаш Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчи маслаҳатчиси бўлган. Шу ой бошида дипломатнинг рафиқаси Карина Мамаш унга ўн йил давомида жисмоний зўравонлик қилиб келганини айтган эди. Аёлнинг сўзларига кўра, 5 май куни турмуш ўртоғи уни, шунингдек, уларникига келган синглисини калтаклаган. Аёлнинг мурожаати «НеМолчи» жамоат фонди томонидан чоп этилган, шундан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломатни ватанига чақириб олишини маълум қилган.

Карина Мамашнинг ўзи 9 май куни Остонага қайтиб келган. Ҳозир у болалари билан инқироз марказида.

Оиладаги зўравонлик мавзуси ҳозир Қозоғистонда яқинда қабул қилинган «Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун фонида кенг муҳокама қилинмоқда, қонунда уйдаги золимларга нисбатан жазо кучайтирилган. Бундан ташқари, собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаев томонидан унинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши республикада кенг резонансга сабаб бўлди. Бу иш бўйича суд жараёни ҳали якунланмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ