Самарқанднинг «Динамо» клуби футболчилари уч ойдан бери маошсиз қолишмоқда

Самарқанднинг «Динамо» клуби футболчилари. «Динамо» матбуот хизмати фотосурати

Самарқанднинг «Динамо» клуби уч ойдан бери клуб ходимлари, футболчи ва мураббийларига маош бермаяпти. Бу ҳақда «Фарғона» мухбирига жамоа дубли бош мураббийи Андрей Пятницкий маълум қилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ўйинлар билан боғлиқ ҳамма нарса — логистика, таъминот — ҳали ҳам мукаммал тартибда. Бироқ, маошларни тўлашда кечикиш мавжуд.

«Кечикиш уч ой давом этяпти. Баъзида ўзимни футболчиларнинг ўрнига қўйиб кўраман: сабр қилиш мумкинлигини тушунаман, лекин бунчалик узоқ вақт эмас. Кўплаб захира ўйинчилари вилоят туманларида яшайдилар, баъзида улар шунчаки машғулотларга келишолмайди – чунки ота-оналари пул йўқлиги сабаб йўл кира беришолмайди. Шунинг учун, ўйинчиларнинг машғулотга келмагани учун жазолаб бўлмайди, бунга қўлинг бормайди. Самарқанд футболни севадиган ажойиб сайёҳлик шаҳри. Буларнинг барчасини кўриб, кўнглинг оғрийди»,деб шикоят қилади Пятницкий.

Мураббий фаолияти давомида бундай ҳолатларга дуч келмаганини, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасбларидан ҳам бундай ҳолатлар ҳақида эшитмаганини таъкидлайди.

«Эндигина иш бошлаган мен учун бу бемаънилик. Менимча, асосий жамоа мураббийи Вадим Абрамов ҳам ҳайрон бўлса керак. Умид қиламанки, ҳаммаси тез орада ҳал бўлади ва биз олдинга интила бошлаймиз»,дейди Андрей Владимирович.

Самарқанд «Динамо»сида маошлар билан боғлиқ муаммолар биринчи марта юз бераётгани йўқ. 2020 йили футболчилар ҳам тўловлар тўрт ойга кечиктирилганидан шикоят қилишганди. Бироқ, ўшанда жамоа Суперлигадан тушиб кетган ва клубни умуман молиялашда давом этиши номаълум эди.

Жамоа ҳозирда Суперлигада ўйнаяпти. Мутахассисларнинг фикрича, унда чемпионатнинг юқори ўринлари учун курашиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, клуб уй учрашувларини Жиззахда ўтказишга мажбур бўлмоқда, чунки Самарқанддаги стадион ЎзПФЛ талабига биноан суғориш тизимини ўрнатиш учун майсазорни кўтаришга мажбур бўлган.

2021 йили бир қатор Ўзбекистон клублари ўйинчиларга ҳақ тўланмагани учун ФИФА санкциясига дучор бўлганди: Андижон, Қўқон, Шўртан ва Сурхон. 2023 йили Фарғонанинг «Нефтчи» клуби футболчилари маошлари кечикаётганидан шикоят қилишганди. 2024 йили «Бунёдкор»нинг бундан ўн йил олдин бразилияликлар Ривалдо ва Денилсонга пул тўламагани билан боғлиқ ишда ютқазгани маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ